Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) қутқарувчилари Қамчиқ довонида об-ҳавонинг кескин ёмонлашуви натижасида қийин аҳволга тушиб қолган ҳайдовчи ва йўловчиларга амалий ёрдам кўрсатди.

Маълум қилинишича, ФВВ ҳамда тегишли хизматлар ходимлари ҳамкорлигида йўлда музламалар ҳосил бўлишининг олдини олиш мақсадида қум-туз аралашмасини сепиш ишлари олиб борилган. Бу чоралар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва транспорт оқимининг барқарорлигини сақлашга қаратилган.

Айни пайтда Қамчиқ довонида ҳолат барқарор, ҳаво булутли экани билдирилди. ФВВ ҳайдовчилардан йўл қоидаларига риоя қилиш, тезликни об-ҳаво шароитига мослаштириш ва эҳтиёткорликни кучайтиришни сўради.