Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфидаги барча муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ёввойи табиат вакилларининг совуқда озуқа топишини осонлаштириш мақсадида биотехник тадбирлар давом эттирилмоқда. Қўмита маълум қилишича, ҳаво ҳарорати кескин пасайган кунларда мазкур тадбирлар янада кучайтирилади.
Хусусан, Юқори Тўпаланг миллий табиат боғининг Завар ва Тамшуш бўлимларида қалин қор ёғиши сабаб ёввойи ҳайвонлар учун озуқа топиш қийинлашган. Шу муносабат билан ҳудуднинг белгиланган нуқталарида турли озуқа маҳсулотлари — дағал хашак, арпа ва кепак қўйиб чиқилмоқда.
Қайд этилишича, озуқа жойлари экологик талабларга мувофиқ ташкил этилиб, ҳайвонот дунёсининг қиш мавсумини талафотсиз ўтказишига хизмат қилади.


















