Жаҳон | 07:34 / 28.01.2026
7532
2 дақиқада ўқилади

Дунё аҳолиси рекорд даражада: ўсишни қайси давлатлар таъминлаяпти?

1804 йилда Ер юзи аҳолиси 1 миллиард кишига етганидан кейин, кейинги асрлар давомида у саккиз баравар кўпайди.

Фото: Getty Images

2022 йилдан бери туғилиш кўрсаткичлари деярли ҳамма жойда пасайиб бораётганига қарамай, дунё аҳолиси 200 миллиондан ортиқ кишига ошди. Шу билан бирга, Хитой ва Бразилия аҳолиси камайган, Ҳиндистон ва Нигерия эса глобал демографик ўсишнинг асосий драйверларига айланган.

Тақдим этилган инфографикада БМТ (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти) маълумотлари асосида дунё аҳолисининг мамлакатлар бўйича тақсимоти кўрсатилган. Ҳиндистон аҳоли сони бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаб, тез суръатда 1,5 миллиард кўрсаткичига яқинлашмоқда.

2022–2025 йиллар оралиғида Ҳиндистон аҳолиси, туғилиш коэффициенти оддий ўзини ўзи қоплаш даражасидан пастлаб, бир аёлга 1,9 туғилиш кўрсаткичига тушганига қарамай, тахминан 53 миллион кишига ошди. Шу даврда умр давомийлиги 72 ёшдан ошди, бу 2000 йилга нисбатан тахминан 10 йилга кўпроқ.

1,4 миллиарддан ортиқ аҳоли яшайдиган Хитой дунёда иккинчи ўринда туради. 2022 йилдан бери мамлакат аҳолиси қарийб 36 миллион кишига камайган, 2023 йилда эса аҳоли сони бўйича Ҳиндистон Хитойни ортда қолдирган. Демографик пасайишнинг тезлашишига аҳолининг қариши ва рекорд даражада паст туғилиш кўрсаткичлари сабаб бўлган.

Visual Capitalist

2025 йилда аҳолиси 347 миллион бўлган АҚШ дунёда учинчи ўринни эгаллайди. Бироқ прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб уни Нигерия ортда қолдиради: аҳолининг ёш таркиби нисбатан ёшроқ бўлгани сабаб Нигерия аҳолиси икки бараварга кўпайиши мумкин.

Европада ҳам демографик вазият мураккаблигича қолмоқда. Италия аҳолиси тўрт йил ичида 1 миллиондан ортиқ кишига камайган, Греция аҳолиси эса тахминан 400 минг кишига қисқарган. Ҳар икки мамлакат дунёда аҳолининг ўртача ёши энг юқори бўлган давлатлар қаторида: Италияда 48 ёш, Грецияда 47 ёш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид