Иқтисодиёт | 09:31
551
2 дақиқада ўқилади

Хитой ва Россия етакчи: Ўзбекистон ташқи савдосида топ-10 ҳамкор

2025 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 81,2 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Йил давомида ташқи савдода асосий улуш анъанавий йирик ҳамкорлар ҳиссасига тўғри келиб, айниқса Осиё ва МДҲ давлатлари билан айланма юқори сақланиб қолган.

Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, ташқи савдо айланмасида энг катта улушга эга давлатлар қуйидагича:

  • Хитой — 17,2 млрд;
  • Россия — 13 млрд;
  • Қозоғистон — 5 млрд;
  • Туркия — 3 млрд;
  • Корея Республикаси — 1,7 млрд;
  • Афғонистон — 1,7 млрд;
  • Германия — 1,4 млрд;
  • Франция — 1,4 млрд;
  • Ҳиндистон — 1,3 млрд;
  • БАА — 1,3 млрд.

Рақамлар яхлитланган.

Рўйхатдан кўриниб турибдики, Хитой ва Россия Ўзбекистон ташқи савдосида энг йирик шериклар бўлиб қолмоқда. Қозоғистон билан савдо ҳажми ҳам юқори кўрсаткичга эга бўлиб, минтақавий логистика, чегарадош савдо ва товар айирбошлаш имкониятлари бу йўналишдаги айланмани қўллаб-қувватлаб келаётганини англатади.

Шунингдек, Туркия билан ташқи савдода барқарор юқори улуш сақланаётгани қайд этилган. Кейинги ўринларда Корея Республикаси ва Афғонистон (ҳар бири 1,7 млрд доллар) келиши, Ўзбекистон савдо алоқаларида ҳам саноат-технологик ҳамкорлик, ҳам қўшни бозорлар билан товар айланмаси бир вақтнинг ўзида муҳимлигини кўрсатади.

Европа давлатларидан Германия ва Франция (ҳар бири 1,4 млрд доллар) топ-10дан ўрин олган. Бу эса Европа билан савдо-иқтисодий алоқалар муайян барқарорликка эга эканини, айрим товар гуруҳлари бўйича ҳамкорлик кенгаяётганини англатади. Шу рўйхатда Ҳиндистон ва БААнинг (ҳар бири 1,3 млрд доллар) ҳам борлиги Ўзбекистоннинг Осиё ва Яқин Шарқ бозорларидаги савдо фаоллиги сақланаётганидан далолат беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид