Қонунчиликда белгиланишича, 2026 йил 1 февралдан бошлаб ташаббусли бюджет механизмларида янги амалиёт — ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни аҳоли ва давлат ўртасида шерикликда молиялаштириш тизими жорий этилади.

Янги тартибнинг мазмунига кўра, ташаббускор аҳоли (фуқаролар, жамоатчилик гуруҳлари) томонидан таклиф қилинган лойиҳа бўйича маблағ тўплаш жараёнида лойиҳа қийматининг 50 фоизи ихтиёрий равишда молиялаштирилса, мазкур ташаббус ғолиб лойиҳа сифатида эътироф этилади. Шундан сўнг лойиҳанинг қолган 50 фоизи республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Мазкур ёндашув ташаббусли бюджет доирасида маҳалла ва ҳудудлар кесимида муҳим инфратузилма ва ижтимоий йўналишдаги таклифларни амалга оширишда аҳоли иштирокини кучайтиришга қаратилган. Шунингдек, шериклик молиялаштириши орқали жамоатчилик ташаббусларини рағбатлантириш, маблағларни тўплаш ва сарфлашда масъулиятни ошириш мақсад қилинган.

Талабга мувофиқ, аҳоли томонидан тўпланадиган маблағлар ихтиёрий бўлиб, белгиланган 50 фоизлик улуш таъминланган тақдирда давлат томонидан қолган қисми бюджетдан қоплаб берилади.