Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мерц: Украина 2027 йилгача ЕИга киролмайди
Германия канцлери Фридрих Мерц Украинанинг 2027 йил 1 январигача Европа Иттифоқига қўшилиши мумкин эмаслигини айтди. ГФР раҳбари сўзларига кўра, аввал Киев Копенҳаген мезонларини бажариши керак, бу жараён эса одатда бир неча йил талаб қилади.
Фото: Michael Kappeler/dpa
Германия канцлери Фридрих Мерц Украинанинг Европа Иттифоқига тез орада кириши учун имконият кўрмаяпти. “2027 йил 1 январигача кириши истисно қилинади. Бу мумкин эмас”, — деди Германия ҳукумати раҳбари чоршанба, 28 январ куни Берлинда коалиция қўмитаси йиғилиши ортидан. Йиғилишда ҳукмрон консерватив блок ХДИ/ХСИ ва Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) раҳбарлари иштирок этган.
Мерц таъкидлашича, Европа Иттифоқига аъзо бўлишни истаган ҳар қандай мамлакат аввал “Копенҳаген мезонлари” деб аталувчи талабларни бажариши шарт, бу эса, одатда, бир неча йил давом этади. Шу билан бирга, канцлер Украинага истиқбол бериш муҳимлигини, бу эса мамлакатнинг ЕИга кириши йўлини очишини қайд этди.
Копенҳаген мезонлари — 1993 йилда қабул қилинган, Европа Иттифоқига қўшилишни истаган номзод мамлакатлар учун асосий талаблардир. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади: демократия, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва озчиликлар ҳимоясини кафолатлайдиган барқарор давлат институтларининг мавжудлиги, ишлайдиган бозор иқтисодиёти, шунингдек, ЕИ қонунчилиги бўйича мажбуриятларни қабул қилишга тайёрлик.
Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш бўйича музокаралар ҳақида гапирар экан, Фридрих Мерц Германия АҚШ ва Украина делегациялари билан яқин алоқада эканини билдирди. “Биз, шунингдек, биргаликда ҳужжатларни тайёрладик, ва ҳозир, энг аввало, Украина ва Россия томони ўртасида тўғридан тўғри музокаралар олиб борилаётгани яхши. Улар имкони борича тезроқ натижага олиб келишига умид қиламиз”, — дея таъкидлади канцлер. У шундай қўшимча қилди: музокаралар доирасида ГФР воситачи ролида эмас, балки Украинага бу урушни якунлаш истагида иттифоқчи сифатида қатнашмоқда.
ГФР вице-канцлери ва молия вазири Ларс Клингбайл эса Украинада тинчлик бўйича музокараларда Мерцнинг саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этди. “Европа маълум муддат музокаралар жараёнидан четда қолиб кетган эди, айнан федерал канцлер туфайли яқин алоқа қайта тикланди — ҳам Украинанинг европаликлар билан, ҳам америкаликларнинг европаликлар билан”, — деди ГСДП ҳамраиси.
Бироқ Клингбайл фикрича, Германия, Европа ва Россия ўртасидаги тўғридан тўғри музокаралар ҳозирги пайтда ўринсиз бўлади: “Европа давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари яна қачон Путин билан тўғридан тўғри гаплашади — буни кейинроқ ҳал қилишга тўғри келади. Аммо ҳозир — айнан ўша пайт эмас”.
Мавзуга оид
09:24
Вадефул: Украина ЕИ аъзолигига ҳаққоний имконият олиши шарт
09:03
Зеленский блэкаут фонида Киев шаҳар маъмуриятини танқид қилди
23:00 / 28.01.2026
Қрим кўпригидаги портлаш иши бўйича умрбод қамалганлар Трамп, Путин ва Зеленскийга мурожаат қилди
20:28 / 28.01.2026