Жаҳон | 07:39 / 29.01.2026
1954
2 дақиқада ўқилади

Европадан Африкагача: минтақалар кесимида энг серқатнов авиайўналишлар

2025 йилда ҳаво транспорти хизматларидан тахминан беш миллиард йўловчи фойдаланган, авиакомпанияларнинг жами даромадлари эса бир триллион доллардан ошиши кутилган.

Фото: trip.com

Умуман олганда, Осиё–Тинч океани минтақаси ўсишнинг асосий “локомотиви” бўлди: бу ерда йўловчи оқими йил давомида 10 фоизга ошди — биринчи навбатда Хитой ва Ҳиндистон ҳисобига. 2026 йилда минтақадаги ташиш ҳажмлари прогнозларга кўра яна 7 фоизга кўтарилади.

Юқорида келтирилган инфографикада OAG маълумотлари асосида 2025 йилда минтақалар кесимида энг банд ички авиарейслар кўрсатилган.

2025 йилда Чежу — Сеул йўналишининг умумий режалаштирилган сиғими 14,4 миллион йўловчи ўрнига тенг бўлди. Охирги ўн йилликнинг деярли бутун қисми давомида бу йўналиш дунёдаги энг серқатнов авиайўналиш бўлиб келмоқда.

Чежу халқаро аэропорти ва Сеулдаги Кимпхо аэропорти ўртасида ҳар куни тахминан 200 та рейс бажарилади — бу Ер юзидаги барча йўналишлар орасида энг юқори парвоз частотаси ҳисобланади. Кўпинча “Корея Ҳавайиси” деб аталадиган Чежу мамлакатнинг етакчи туристик марказларидан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда.

Visual Capitalist

Яқин Шарқда Жидда — Ар-Риёд йўналиши 9,8 миллион режалаштирилган йўловчи ўрнини таъминлади — бу ўтган йилга нисбатан 13 фоизга кўп. Жиддада Саудия Арабистонининг энг банд аэропорти жойлашган, мамлакат пойтахти эса иқтисодий фаолликнинг асосий маркази ҳисобланади.

Маълумотлардан кўринишича, Лотин Америкасида биринчи ўринни Колумбиядаги Богота — Меделин йўналиши эгаллайди — 6,2 миллион йўловчи. Шу билан бирга, Кейптаун — Йоханнесбург йўналиши Африкада энг банд бўлиб, 5,5 миллион йўловчи ўринни ташкил этган.

Шимолий Америкада етакчи йўналиш — Ванкувер — Торонто (3,7 миллион), Европада эса — Барселона — Палма (3 миллион).

Йирик шаҳарлар ўртасида масофанинг нисбатан қисқа бўлиши ва рейслар частотасининг юқорилиги минтақада авиация соҳасининг ривожланишига хизмат қилади. Айни пайтда Ҳиндистон ва Ветнам каби мамлакатлардаги жадал иқтисодий ўсиш, аҳоли даромадлари ортиши билан бирга, авиақатновларга бўлган талабни ҳам оширмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид