Халқаро тартибот шу даражада заифлашдики, бир давлатнинг бошқа бир мустақил мамлакат ҳудудий яхлитлигига қилаётган тажаввузларига на ҳайрат бор, на хавотир. Йиллар давомида шаклланган қоидалар ўрнини хаос эгаллади. Энди ҳамма нарса мумкиндек. Келажак ҳақидаги прогнозлар мавҳумлашган бир шароитда олтин нархи 5600 долларга яқинлашди. Айни пайтда нархлар анча барқарорлашди, аммо қимматбаҳо металл январ ойини кескин ўсиш билан якунлашга яқин турибди. Хўш, олтин баҳоси нималарнинг ҳисобига ошиб кетди?
Олтин минг йиллардан буён бойлик, иқтисодий қудрат рамзи бўлиб келади. Тилла илинжида одамлар дунёнинг энг узоқ ва бориш қийин бўлган ҳудудларини ҳам забт этган, қанчадан қанча қонли урушлар юз берган. Инсоният тараққиётининг ҳозирги босқичида ҳам ушбу қимматбаҳо металл жаҳон молиявий тизимида ўзининг кучли таъсирини сақлаб қоляпти. Хусусан, сўнгги йилларда олтин баҳоси каррасига қимматлашди. 2026 йилнинг бошига келиб эса нархлар ошиши янада тезлашди. Хўш, бунга қайси омиллар таъсир қиляпти?
Геосиёсий беқарорлик. Геосиёсий вазиятнинг ёмонлашиши ёки иқтисодий беқарорлик, масалан, урушлар, сиёсий ёки молиявий инқирозлар олтин нархини оширади. Олтин кўпинча "хавфсизлик ёстиқчаси” сифатида кўрилади, шунинг учун беқарор даврларда унга талаб ортади. Украинадаги уруш қарийб 4 йилдан бери давом этяпти ва ҳалигача ечим топилмаётгани инвесторлар онгида хавотирларни кучайтириб, уларни рискли активлардан чекинишга ундайди. Яқин Шарқдаги вазият ҳам 2023 йил охирида ниҳоятда кескинлашди. Хусусан, Исроил ва Фаластин ўртасидаги қуролли можаро ҳамда Эронда кузатилган нотинчликлар минтақавий тангликка сабаб бўляпти. 2026 йил бошларида эса АҚШ ва Эрон ўртасида кескинлик янада жиддийлашди. АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга куч ишлатиш билан очиқча таҳдид қиляпти. Ушбу баёнотлар фонида тилла баҳоси ҳар унция учун 5500 долларлик нуқтани ҳам забт этди. Содда қилиб айтганда, келажак ҳақидаги прогнозлар мавҳумлашса, инвесторлар учун олтин асосий активга айланади ва унга пул тикиш кўпаяди.
Доллар курси ва ФЗТ сиёсати. Олтин нархи ўсишнинг яна бир асосий драйвери Америка валютасининг кескин заифлашуви бўлди. Доллар индекси сўнгги тўрт йиллик энг минимум даражага тушди. Бозорлар Трампнинг риторикасига муносабат билдиришяпти. У Америка экспортини қўллаб-қувватлаш учун кучсиз долларга тоқат қилиш кераклигига очиқча ишоралар қилганди. Бу инвесторларнинг АҚШ валютасига жамғарма воситаси сифатида бўлган ишончини пасайтирди.
Шунингдек, АҚШ Марказий банки – Федерал захира тизими олиб борадиган сиёсат ҳам нархларга сезиларли даражада таъсир кўрсатади. 2022–2023 йилларда ФЗТ юқори инфляцияни жиловлаш мақсадида фоиз ставкаларини оширганди. Бироқ 2024 йил ва ундан кейинги даврда АҚШ иқтисодиётида ўсишнинг секинлашуви ва молиявий бозорлар беқарорлиги кузатилиб, бу йўналиш ўзгара бошлади. Масалан, январ ойида бўлиб ўтган йиғилишда асосий ставка ўзгаришсиз сақлаб қолинди ва уни келгусида пасайтириш эҳтимоли муҳокама қилинди. Бунда инвесторлар кам даромад келтирадиган қимматли қоғозларни харид қилишдан кўра, хавфсиз ва инфляция таъсиридан ҳимояланган олтин харид қилишга кўпроқ урғу бера бошлайди.















