Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим нормаларни эслатиб ўтади.
Зиёратчилар онлайн рўйхатдан ўтади
Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш тизимини рақамлаштириш ва такомиллаштиришга қаратилган қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистонда “Ҳаж ва Умра ягона портали” (www.haj-umra.gov.uz) ишга туширилди. Қайд этилишича, эндиликда муқаддас зиёратга бориш истагида бўлган фуқаролар учун ушбу портал орқали рўйхатдан ўтиш мажбурий этиб белгиланмоқда.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан бошлаб Ҳаж тадбирига, 2026 йил 1 майдан бошлаб Умра тадбирига бориш учун порталда рўйхатдан ўтиш шарт. Зиёратчилар ҳақидаги маълумотлар порталга киритилмасдан туриб сафарларни ташкил этишга йўл қўйилмайди.
Китобхонлик тарғиботида янги дастур
2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган “Китоб – маърифат манбаи” дастури амалга оширилади. Бу ҳақда президентнинг 2026 йил 15 январдаги тегишли қарорида келтириб ўтилган.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан бошлаб “Китоб — маърифат манбаи” дастури амалга оширилади. Давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олинади. Шунингдек, транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларида (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобил интернет тармоғи орқали “Mutolaa” платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилади, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилади.
Бундан ташқари, қарор билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим муассасаларида “Жадидлар изидан” китобхонлик клублари ташкил этиш кўзда тутилган. Унга кўра, “Жадидлар изидан” китобхонлик клуби аъзолари ўртасида китоб таҳлилига бағишланган дебатлар ўтказилади, мактабларда “Жадидлар изидан” клуби аъзоларига йилига камида 20 та китоб ўқитиб борилади. Ҳар чоракда туман (шаҳар) кесимида энг фаол “Жадидлар изидан” китобхонлик клублари аъзолари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан рағбатлантирилади.














