Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиянинг Запорижжя туғуруқхонаси ва туманларига зарбалари: камида 9 киши яраланди
Россия қўшинлари якшанба, 1 феврал куни Запорижжяни дронлар билан оммавий равишда ҳужумга тутди. Шаҳардаги туғуруқхонага берилган зарба оқибатида камида 6 киши жароҳат олди, жумладан зарба пайтида кўрикдан ўтаётган икки аёл ҳам. Бу ҳақда Telegram’да Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Иван Федоров хабар бериб, Россия зарбаси оқибатлари акс этган фото ва видеоларни эълон қилди.
Фото: Telegram / ivan_fedorov_zp
Кейинроқ ВҲМ раҳбари шаҳарга Россия ҳужумларининг иккинчи тўлқини ҳақида маълум қилди. “Яна бир Россия учувчисиз аппарати шаҳар туманларидан бирида портлади. Дастлабки маълумотларга кўра, уч киши жароҳат олган. Улар орасида ёш бола бор”, — дейилади унинг хабарида.
Федоров шунингдек, “Запорижжя вилояти ва ҳаво тревогаси эълон қилинган Украинанинг бошқа вилоятлари бўйича” баллистик ракеталар ҳамда бошқариладиган авиабомбалар қўлланиши хавфи ҳақида ёзган. Материал эълон қилинган пайтда қўшимча тафсилотлар келтирилмаган.
Шу куннинг ўзида аввалроқ Россия ҳужуми натижасида Днипро шаҳрида бир аёл ва бир эркак ҳалок бўлганини Telegram’да Днипропетровск вилояти ВҲМ раҳбари Александр Ганжа хабар қилди. Бир хусусий уй вайрон бўлган, яна иккитаси шикастланган. Никопил туманига артиллерия ва дронлар билан қилинган ўқ ёғдиришлардан кейин икки кўп қаватли уй ва тўртта хусусий уй, шунингдек кафе, бир нечта дўкон, автомобиллар, газ қувури ҳамда электр узатиш линияси зарарланган, дея қўшимча қилди Ганжа.
Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучларининг эрталабки маълумотномасига кўра, Россия қўшинлари шу кеча Украинанинг шимоли ва шарқига зарба бериш учун 90 та учувчисиз аппарат қўллаган, шуларнинг 60 таси Shahed бўлган. Украина ҲК маълумотига кўра, учиришлар Орел, Брянск, Курск, Приморско-Ахтарск ва Донецк ҳудудларидан амалга оширилган. Украина ҳаводан мудофаа воситалари 76 та зарба берувчи дронни қайтаришга муваффақ бўлган. “9 та нуқтада 14 та зарба берувчи дроннинг тегиши, шунингдек 2 та нуқтада уриб туширилган дрон парчаларининг қулаб тушиши қайд этилди”, — дейилади Украина ҳарбийлари хабарномасида.
Маҳаллий вақт билан тахминан 16:00 лар атрофида Украина Ҳаво кучлари Курск вилоятидан баллистик қурол қўлланиши хавфи ва Россия дронларининг Киев, Суми, Житомир ҳамда Винница вилоятлари томон ҳаракатланаётгани ҳақида хабар берган.
Мавзуга оид
10:35
Россияда жазо ўтаётган 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қайтарилиши мумкин
09:04
Россия бензин экспортини июл охиригача тўхтатди
18:59 / 02.04.2026
Қирғизистонда Россия қирувчи самолётларининг машғулотлари тўхтатилди
09:57 / 02.04.2026