Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик” мукофотининг ҳайъат аъзоси Саида Мирзиёева мукофотнинг Абу-Дабидаги форумида нутқ сўзлади. У инсоний биродарликни мустаҳкамлашда аёллар етакчилигининг ўрни катталиги, етакчи аёллар етишиб чиқиши учун эса оилавий зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини айтди. Бу эса, ўз навбатида, амалда ишлайдиган қонунлар ва халқчил судлар бўлишини тақозо қилади.

3 феврал куни БАА пойтахти Абу-Дабида инсоний биродарлик учун Шайх Зоид мукофотининг мажлиси иш бошлади. Мукофот бугун, 4 феврал – Халқаро инсон биродарлиги кунида тантанали тарзда ўз эгаларига топширилади.

Кечаги мажлисда мукофотнинг ҳайъат азолари, глобал миқёсда обрўга эга арбоблар ва инфлюенсерлар иштирок этди. Бу йилги форум жамиятларда барқарорлик ва ўзаро уйғунликни ўстиришда оилалар ва ижтимоий гуруҳларнинг марказий аҳамияти, аёллар етакчилиги ва гуманитар фаоллик масалаларига бағишланди.

Унда мукофот ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам сўзга чиқиб, инсоний биродарликни мустаҳкамлашда аёллар етакчилигининг ўрни ҳақида сўз юритди.

“Ушбу нуфузли Мажлиснинг бир қисми бўлиш мен учун улкан шарафдир. Фурсатдан фойдаланиб, қадр-қиммат, масъулият ва биргаликда яшашни қандай танлашимиз хусусида ўзаро ҳурмат асосида очиқ мулоқот қилишга майдон яратгани учун Бирлашган Араб Амирликларига ва инсоний биродарлик учун Шайх Зоид мукофотига самимий миннатдорлик билдираман.

Биз бугун бўлиниш, қўрқув ва низолар ҳақида кўп эшитамиз. Ишонч мўртлашиб кетди, гаплашиш қийинлашди. Бу ўринда инсоний биродарлик баландпарвоз шиор ёки мавҳум ғоя эмас. Аслида бу амалий танлов: инсонларни тоифа ёки ёрлиқ сифатида эмас, балки инсон сифатида кўриш ва бир-бирига нима бўлаётгани ҳақида қайғуриш демакдир.

Мен ушбу майдонда хотин-қизлар етакчилиги ҳақида сиёсий баёнот ёки замонавий тренддаги мавзу сифатида эмас, балки мутлақо реал нарса сифатида гапирмоқчиман”, – деди Мирзиева.

Унинг сўзларига кўра, кўплаб аёллар учун етакчилик ҳар қандай расмий лавозимларни эгаллашдан анча олдин – оилада, мактабда, шифохонада, маҳаллада бошланади. Бунда масъулият шахсий характерга эга бўлиб, ундаги тажриба қизғин баҳсларда ғалаба қозонишга эмас, балки кўпроқ эҳтимолий зарарнинг олдини олишга, тартибни сақлашга ва келажакда нима бўлишини олдиндан кўра билишга қаратилган фикрлаш ва етакчилик услубини шакллантиради.