Жаҳон | 14:32
481
3 дақиқада ўқилади

Европа суди 2021 йилда Навалний қамоққа олинишини ноқонуний деб топди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) Россияни Алексей Навалнийни “ноқонуний равишда озодликдан маҳрум этгани” ва унга нисбатан “инсонийликка зид муносабат” қўллагани учун айбдор деб топди. 

Фото: Юрий Кочетков / ЕРА / ТАСС

Қарор 3 феврал, сешанба куни — сиёсатчининг Харпдаги “Полярный волк” алоҳида тартибли колонияда вафот этганига икки йил тўлганидан сўнг чиқарилди.

Суд Россияга “номоддий зарар” учун 26 минг евро компенсация тўлаш мажбуриятини юклади. Иш 2021 йил январда Алексей Навалнийнинг қамоққа олинишига тааллуқли. ИҲЕС қарорига кўра, унинг ҳукми “ички қонунчиликнинг олдиндан айтиб бўлмайдиган қўлланиши”га асосланган ва РФ судлари мурожаат этувчи вазиятига татбиқ этилмайдиган ҳуқуқий нормаларни “ўхшатиш тартибида” қўллаган.

Страсбургдаги суд маълумотига кўра, Навалний ҳибсда бўлган давр мобайнида “унинг ҳаётига реал ва бевосита таҳдид” мавжуд бўлган. У сақлаш жойларида “бир нечта шаклдаги шафқатсиз муомала”га дучор этилгани, бу ҳолатлар жамланмаси эса “инсонийликка зид ва қадр-қимматни камситувчи муносабат”ни ташкил этгани қайд этилди.

Суд Европа инсон ҳуқуқлари конвенциясининг қуйидаги моддалари бузилганини аниқлади: 2-модда — яшаш ҳуқуқи, 5-модда 1-қисм — озодлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, 3-модда — инсонийликка зид муносабатни тақиқлаш.

Навалний 2020 йил августда Томск–Москва рейсида ҳушидан кетган. Самолёт Омскка мажбурий қўндирилган, у ерда унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Бир неча кундан сўнг, ҳушига келмаган ҳолда, у Берлиндаги Charité клиникасига олиб ўтилган ва даволаш ҳамда реабилитация давом эттирилган.

Германия Қуролли кучларининг махсус лабораторияси олиб борган токсикологик таҳлилда унинг танасидан “Новичок” гуруҳига мансуб асаб-фалажловчи модда излари топилган. Швеция ва Франция лабораториялари, шунингдек Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) экспертлари ҳам мустақил равишда шу хулосага келган.

2021 йил январда Навалний Россияга қайтган ва дарҳол ҳибсга олинган, кейинчалик судланиб жазо тайинланган. Уч йил ўтиб, 2024 йил 16 февралда у Ямал-Ненец автоном округидаги колонияда кўп йиллик жазони ўтаётган пайтида, аниқланмаган шароитларда вафот этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид