Жаҳон | 22:08 / 05.02.2026
2241
2 дақиқада ўқилади

Эпштейн иши бўйича материалларда ўзбекистонлик «модел қиз» хатлари борлиги маълум бўлди

Исм-шарифи матнда яширилган қиз 2012 йилда Эпштейнга хат ёзиб, у билан учрашишга тайёрлигини, аммо Ўзбекистонда АҚШ визасини олишда қийналаётганини маълум қилган.

Фото: MGN

«Моделлар учун» мўлжалланган Америка визасини олишга уринган ўзбекистонлик қизнинг мактублари Жеффри Эпштейн иши материалларида учрайди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб «РИА Новости» хабар берди.

2012 йил 8 мартда ёзган хатида исм-шарифи матнда яширилган қиз Ўзбекистонда АҚШ визасини олишда қийналаётганини маълум қилган.

«Учрашувимизга келсак, азизим Жеффри, мен доим шуни истайман! Аммо мамлакатим биз учун қанча муаммо туғдираётганини сенга айтгандим», дейилади мактубда.

Қизнинг ёзишича, агар у қандайдир йўл билан «моделлар учун» мўлжалланган Америка визасини (Қўшма Штатларда модалар кўргазмасида ишлайдиган хорижий моделлар учун мўлжалланган H-1B3 визаси) олишга муваффақ бўлса, «охир-оқибат Нью-Йоркка боришдан хурсанд бўлади».

Кейинги хатларда қиз Малайзияга виза олишга муваффақ бўлганини маълум қилади ва Эпштейндан турар жойи, шунингдек, стоматолог хизматлари ва Парижга бориш харажатларини қоплашда ёрдам беришни сўрайди.

АҚШ Адлия вазирлиги материалларида ўзбекистонлик қизнинг 2014 йилда Нью-Йорк киноакадемиясининг Париждаги бўлимида ўқиши ва Париж – Санкт-Петербург - Тошкент йўналиши бўйича авиачипталар учун тўлов ҳужжатлари ҳам келтирилган.

АҚШ бош прокурори ўринбосари Тодд Бланш 30 январь куни Эпштейн иши бўйича материалларни эълон қилиш якунланганини эълон қилди. Эълон қилинган маълумотларнинг умумий ҳажми 3,5 миллион файлдан ошди. 2019 йилда Эпштейн АҚШда вояга етмаганларни жинсий эксплуатация қилиш мақсадида савдо қилишда айбланган, шу йилнинг июль ойида қамоқхонада вафот этган, тергов уни ўз жонига қасд қилган деган хулосага келган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид