Иқтисодиёт | 14:35 / 05.02.2026
2321
2 дақиқада ўқилади

Фарғона ва Қувасойда 175 млн долларлик агрологистика марказлари қурилади

4 феврал куни президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтказган йиғилишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган янги режалар муҳокама қилинди. Хусусан, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида хитойлик инвесторлар иштирокида агрологистика марказлари ташкил этилиши белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда қайд этилганидек, Фарғона вилоятида мева-сабзавот маҳсулотларини хом ҳолда эмас, балки юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот сифатида сотиш ҳисобига экспортни ошириш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, саралаш, қадоқлаш, логистика ва етказиб бериш занжирини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Маълум қилинган режага кўра, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида хитойлик инвесторлар иштирокида умумий қиймати 175 миллион доллар бўлган агрологистика марказлари барпо этилади. Ушбу лойиҳалар мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, тайёр маҳсулот тайёрлаш ва ташқи бозорларга чиқариш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва қўшимча қиймат яратишга қаратилган бошқа лойиҳалар ҳам муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида давлат раҳбари ҳар бир лойиҳани аҳоли даромадларини ошириш ва ҳудуд иқтисодиётини барқарор ривожлантириш билан узвий боғлаб амалга ошириш бўйича тегишли топшириқлар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид