Қайд қилинишича, мактабгача таълим билан қамров 78 фоизга етди. Шу билан бирга, қамровни 80 фоизга етказиш учун янги боғча ўринларини яратиш талаб этилади, 39 та туман ва шаҳарда эса боғча қамрови 70 фоиздан паст даражада қолмоқда. Шунингдек, давлат боғчаларида педагогларнинг 61 фоизи, нодавлат боғчаларда эса 76 фоизи ўрта махсус маълумотга эгалиги кадрлар салоҳиятини янада ошириш долзарб масала эканини кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан тақдимотда мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Жумладан, бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида жорий этилади. Бунда болаларни мактаб таълимига пухта тайёрлаш, таълимда узлуксизликни таъминлаш асосий мақсад қилиб қўйилган.
Мактабгача таълим тизимида ўйинга асосланган таълим модели жорий этилиб, боланинг табиий қобилияти ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда таълим-тарбия жараёни ташкил қилинади. Илғор хорижий тажрибалар асосида ўқув муҳити янгиланади.

Шунингдек, “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини шакллантириш режалаштирилган. 2026-2028 йилларда ҳар бир ҳудудда 120 ўринли “Янги авлод” давлат боғчалари ҳамда уларнинг таркибида Болаларни ривожлантириш инновацион марказлари ташкил этилади. Мазкур боғчаларда қўшимча раҳбар ҳамда тарбиячи-йўриқчи штатлари жорий қилиниб, раҳбар ва педагог ходимларга тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.
Мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ҳам бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат берилади. Бу орқали таълим хизматлари бозорида соғлом рақобатни кенгайтириш ва қамровни ошириш мақсад қилинган.
Кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб педагогика олий таълим ташкилотларида мактабгача ва бошланғич таълим йўналишлари бўйича таълим дастурлари халқаро илғор тажрибаларга мос равишда такомиллаштирилади. Шу билан бирга, амалда ишлаб келаётган ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун дуал таълим (“5+1”) асосида бакалаврлар тайёрлаш тизими жорий этилади.
2027-2028 ўқув йилидан бошлаб мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим-тарбия олган болаларга давлат намунасидаги электрон сертификат берилиши, мазкур маълумотлар умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномада қайд этилиши кўзда тутилмоқда.









