Маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўшимча чоралар кўрилди, деб хабар берди Рақамли ҳукумат (e-gov.uz) марказининг расмий канали.

Қайд қилинишича, энди OneID тизимида шахсий маълумотларни бошқа тизимларга (банк, молия, суғурта, телекоммуникация ва бошқалар) тақдим этиш ёки чеклаш имконияти мавжуд.

Бунинг учун:

- Компьютер орқали id.egov.uz сайтига ўтинг;

- Тизимда рўйхатдан ўтмаган бўлсангиз, буни бажаринг;

- ЭРИ (имзо) ёки Mobile-ID ёрдамида тизимга киринг;

- «Шахсга доир маълумотларни бошқариш» бўлимида хизматни фаоллаштиринг;

- Керакли ташкилот қаршисидаги қулф белгисини очинг ёки ёпинг.

Агар OneID тизимига QR-код орқали кириш усули танланса, «Шахсга доир маълумотларни бошқариш» бўлими автоматик фаоллашади:

- Мобил қурилмада GooglePlay ёки AppStore орқали OneID иловасини юклаб олинг;

- Mobile-ID ёки MyID орқали тезкор авторизациядан ўтинг;

- Илованинг қуйи қисмидаги сканерлаш тугмасини босинг ва компьютер экранидаги QR-кодни сканерланг.

Таъкидланишича, маълумотларга киришни чеклаш — бу кибержиноятчиликдан ҳимояланишнинг энг самарали усулидир.