Жаҳон | 14:47
910
2 дақиқада ўқилади

Зеленский ва Писториус биринчи қўшма ишлаб чиқаришни ишга туширди

Биринчи немис–украин қўшма мудофаа компаниясига Quantum Systems ва Frontline Robotics жалб қилинган. Корхона Linza русумидаги ташувчи-дронларни ишлаб чиқаради. Лойиҳани Украина президенти ва Германия мудофаа вазири расман бошлаб берди.

Фото: Sven Hoppe/dpa/picture alliance

Биринчи немис–украин қўшма мудофаа компанияси Quantum Frontline Industries йил охиригача Украина Қуролли кучларига камида 10 000 та дрон етказиб беришни режалаштирмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский ва Германия мудофаа вазири Борис Писториус жума куни, 13 февралда, Мюнхен хавфсизлик конференцияси бошланишидан олдин қўшма ишлаб чиқаришга старт берди.

“Шу тариқа биз Украинани унинг курашида қўллаб-қувватлаймиз”, — деди Писториус. “Бироқ бу биз учун ҳам фойдали”, — дея қўшимча қилди у.

Dpa агентлиги хабар беришича, Зеленский ишлаб чиқаришдан чиққан илк дронни кўздан кечирган. Хавфсизлик сабабларига кўра, корхонанинг аниқ жойлашуви сир тутилмоқда.

Германия томонидан қўшма ишлаб чиқаришга Бавариядаги Quantum Systems ишлаб чиқарувчиси қўшилган — у 2022 йилдан бери Украинага разведка дронларини етказиб бериб келади. Украина томонидан эса Frontline Robotics иштирок этяпти.

Учиш аппаратлари Linza бренди остида ишлаб чиқарилади. Гап ташувчи-дронлар ҳақида кетмоқда: улар 2 килограммгача юк кўтара олади, жумладан бомба ва гранаталарни ҳам. 2027 йилда ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган.

Dpa қайд этишича, кейинчалик НАТО давлатлари ва Украина ўртасида қурол-яроғ соҳасида бошқа қўшма лойиҳалар ҳам амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид