Жаҳон | 15:28
2722
5 дақиқада ўқилади

«Биз барибир Европа фарзандлари бўлиб қоламиз» – Рубио Мюнхен конференциясида

АҚШ давлат котиби ғарбнинг улкан ютуқлари барча миллатлар либерал демократияга айланиши, миллий суверенитет энди муҳим эмаслиги, энди инсоният чегараларсиз дунёда яшаши ҳақидаги нотўғри тушунчага олиб келгани, бу эса аҳмоқона ғоя бўлганини қайд этди. Унинг нутқи олқишлар билан кутиб олинди.

Фото: Alex Kraus / Bloomberg / Getty Images

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Мюнхен хавфсизлик конференциясида «яхши полициячи» ролида чиқиш қилди. Ўтган йилги форумда вице-президент Жей Ди Вэнс «ёвуз полициячи» ролида бўлган, у Европани оммавий иммиграцияга йўл қўйиб, ўз маданияти ва ўзига хослигини йўқотишда, шунингдек, сўз эркинлигини чеклашда айблаганди.

Рубио Мюнхендаги нутқида Қўшма Штатлар ва Европа ўртасидаги яқин алоқаларни қайд этди.

«Янгиликлардаги сарлавҳалар трансатлантик давр тугаганини эълон қилаётган бир пайтда, ҳаммага маълум бўлсинки, биз буни хоҳламаймиз ва бунга интилмаймиз, чунки биз америкаликларнинг уйимиз Ғарбий ярим шарда бўлса ҳам, биз барибир Европа фарзандлари бўлиб қоламиз. Биз, Қўшма Штатлар ва Европа бирга бўлишимиз керак», – деди Рубио ва зал уни тик туриб олқишлади.

У АҚШ ва Европа XX асрдаги кўплаб можароларда биргаликда ғалаба қозонганини эслатган. «Ушбу триумфдан кейинги эйфория барча миллатлар либерал демократияга айланиши, миллий суверенитет энди муҳим эмаслиги, балки фақат савдога асосланган алоқалар муҳимлиги ва чегараларсиз дунёда яшашимиз ҳақидаги хавфли нотўғри тушунчага олиб келди. Бу аҳмоқона ғоя эди ва у бизга қимматга тушди», – деди у.

Рубионинг ҳисоблашича, АҚШ ва Европа кенг кўламли миграцияга йўл қўйиб, ишлаб чиқаришни чет элга кўчириб, муҳим таъминот устидан назоратни «рақиблар ва душманларга топшириб қўйганида» хатога йўл қўйган. У иқлим ўзгаришига қарши кураш билан боғлиқ энергетика сиёсатини яна бир хато деб атади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ бу хатоларни тузатиш ниятида ва буни Европа билан биргаликда амалга оширишни хоҳлайди. «Қўшма Штатлар муносабатларни узишга интилмаяпти. Қўшма Штатлар эски дўстликни қайта тиклашни истайди», – дея таъкидлади давлат котиби.

«Биз иттифоқчиларимиз заиф бўлишини хоҳламаймиз, чунки бу бизни ҳам заифлаштиради. Бизга ўзини ҳимоя қила оладиган иттифоқчилар керак, токи ҳеч ким бизнинг коллектив кучимизни синаб кўриш васвасасига берилмасин. Биз Европа кучли бўлишини истаймиз. Биз Европа омон қолиши кераклигига ишонамиз».

Рубио америкаликлар «ўз маслаҳатларида бироз қўпол ва тажовузкор» кўринишини тан олган: «Бунинг сабаби, дўстларим, биз бунга бефарқ эмасмиз».

AFP хабарига кўра, у Европани Доналд Трампнинг «дунёни янгилаш»га интилишига қўшилишга ҳам чақирган. «Бу [бизнинг] дунёдаги ўрнимизни тиклаш ва шу тариқа цивилизацияни йўқ қилишга интилаётган ҳамда Америкага ҳам, Европага ҳам таҳдид солаётган кучларга зарба бериш имконини беради», – деган АҚШ давлат котиби.

CNN ва The Guardian Рубионинг Мюнхен конференциясидаги нутқи АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг ўтган йилги чиқишига қараганда анча илиқ кутиб олишганини қайд этган. Хусусан, давлат котибига бир неча бор қарсак чалишган.

«Давлат котиби, сиз эшитдингизми, йўқми, билмайман, аммо сиз ҳамкорликка содиқлик ҳақида гапирганингизда залдагилар енгил тин олишди. Раҳмат», – деди Мюнхен конференцияси раиси Волфганг Ишингер Рубио нутқини якунлаганида.

Германия ташқи ишлар вазири Йоҳан Вадефул Рубионинг нутқини яхши белги деб атади ва давлат котиби Европа ва Америка биргаликда ўтмишда нималарга эриша олгани ва келажакда нималарга эриша олишига урғу берганини таъкидлади.

«Мен бизнинг ва уларнинг устувор йўналишлари бўйича фикрлар 100 фоиз мос келади деб айта олмайман, аммо бу Европа ва АҚШ келажаги учун умумий асосдир», – деган у DW нашрига.

Шу билан бирга, Рубионинг оҳанги европалик қатор сиёсатчиларни ишонтира олмаган.

«Европаликлар оммавий миграция ва деиндустриализация туфайли цивилизациянинг таназзулга учрашини асосий бирлаштирувчи манфаат деб билишларига ишончим комил эмас. Европаликларнинг аксарияти учун умумий манфаат – бу хавфсизлик», – деб ёзди Х тармоғида Литванинг собиқ ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис.

«Бу нутқ маъмуриятнинг [Трампнинг] умумий позициясидан чекиниш эмасди. Шунчаки у мулойимроқ иборалар билан ифодаланган», – дея хулоса қилди литвалик сиёсатчи.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид