Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида энг қизиқ сессиялардан бири Украина президенти Володимир Зеленский билан ўтди. У ўтган январь ойида Украина кўрган зарар ва Россия ҳар бир километр Украина ери учун тикаётган ресурс ҳақида маълумотларни тақдим этди. Путин подшоҳ эмас, урушнинг қули, у тирик экан онгида уруш айланаверади, деди Зеленский. Унинг қўшимча қилишича, Европа Украина ҳимоясида маҳкам, қурол ишлаб чиқаришдаги қўлловдан ташқари 90 млрд евролик ёрдам кафолати ҳам берилган.

Украина президенти Володимир Зеленский сессиясида Европа ва АҚШнинг номдор сиёсатчилари ҳам қатнашди. Тингловчилари қаторида НАТОнинг собиқ ва ҳозирги бош котиблари, Молдова президенти, АҚШ конгресси аъзолари, АҚШ собиқ давлат котиби ва биринчи хоними – Ҳиллари Клинтон ва бошқалар залдан ўрин олганди. Даставвал Зеленскийнинг саҳнага чиқишини барча давомли қарсаклар билан қарши олди. Володимир Зеленский тахминан ярим соатлик нутқини тақдим этди, ундан сўнгра сессия муҳокама билан давом этди.

Бир ойда 6 мингта дронни уриб туширишга мажбурмиз”

Зеленский нутқини Украинанинг ҳамкорлари ҳамда Киевга ёрдам қўлини чўзганларга раҳмат айтишдан бошлади. Президент биргина ўтган январь ойида Украина кўрган зарар ва Россия ҳужумининг кўламига тўхталди.

“Охирги зарба содир бўлганида, кўпчилигингиз аллақачон Мюнхенда эдингиз. Январь ойининг ўзида 150 та ҳар хил турдаги рус ракеталари ва 50 дан ортиқ планерли бомбалар. Ва ҳар ой шундай бўлади. Буни ўз шаҳрингизда тасаввур қилинг: вайрон бўлган кўчалар, харобага айланган уйлар, ер остида қурилган мактаблар. Ва бу, албатта, Россия туфайли, 4 узоқ йил давомида Украинадаги кундалик ҳаёт. Россия кўплаб баллистик ракеталардан фойдаланади ва қўшма ҳужумларни амалга оширади. Зарбаларнинг аксарияти электр станцияларимизга ва бошқа муҳим инфратузилмаларга қаратилган ва Украинада Россия ҳужумларидан зарар кўрмаган бирорта ҳам электр станцияси қолмаган, бирорта ҳам. Аммо биз ҳали ҳам электр энергияси ишлаб чиқарамиз. Халқимиз туфайли буни қилоляпмиз. Россия ҳужумлари Украинада деярли ҳар кеча содир бўлади ва ҳафтасига камида бир марта оммавий зарбалар берилади. Шунга қарамай, Украина кенг кўламли урушнинг 1451 кунига бардош берди, бу ҳамма башорат қилганидан узоқроқдир. Ва мен сиздан Украинага қилинган бу ҳужумларнинг ҳақиқий кўламини тушунишингизни истайман. Биз биргина ўтган январь ойининг ўзида 6000 ҳужумчи дронлардан ҳимояланишга мажбур бўлдик, буларнинг ҳаммаси эса «Шаҳед» дронлари эди”, деди Володимир Зеленский.