Ўзбекистон | 16:03 / 18.02.2026
834
2 дақиқада ўқилади

Илмий ташкилотлар учун лаборатория таъминоти механизми жорий этилади

Ҳукумат қарори билан “Илмий фаолият соҳасидаги ташкилотларни лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, лаборатория асбоб-ускуналари ва бошқа зарур воситаларни харид қилиш учун аризалар масъул шахслар томонидан тақдим этилади. Жумладан, илмий лойиҳада — лойиҳа раҳбари, илмий мавзуда — илмий бўлинма раҳбари ёки тегишли илмий мавзуга раҳбарлик қилувчи шахс ариза беради. Диссертация тадқиқотида эса докторантларнинг илмий раҳбари ёки ўзаро келишув асосида илмий даража ва унвонга эга бўлган докторантлардан бири ариза тақдим этиши мумкин.

Аризада илмий фаолият йўналишлари кўрсатилган ҳолда марказлашган давлат хариди ёки мустақил равишда харид усулларидан бири танланади. Ариза махсус ахборот тизими орқали, муайян илмий фаолият йўналишида тадқиқотни амалга оширишга масъул ташкилот раҳбари томонидан келишилганидан сўнг юборилади.

Агентлик қабул қилинган аризалар бўйича шакллантирилган буюртмаларнинг 10 иш куни ичида белгиланган талабларга мувофиқлигини кўриб чиқади. Кўриб чиқиш натижаларига кўра маъқулланган аризалар махсус ахборот тизими орқали Харид комиссиясига юборилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид