Ўзбекистон | 15:59
453
3 дақиқада ўқилади

Капитал бозорида махсус режим иштирокчилари учун янги қоидалар белгиланмоқда

Капитал бозори соҳасида “тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимига оид низомни такомиллаштириш мақсадида қатор ўзгартириш ва қўшимчалар таклиф этилди. Улар махсус режим иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш, фаолият юритиш ва назорат тартибларини аниқлаштиришга қаратилган.

Лойиҳага кўра, махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун мурожаат қилувчи ариза берувчи тушунчаси қайта кўриб чиқилмоқда. Унга мувофиқ, Ўзбекистон резиденти бўлган юридик шахслар билан бир қаторда тан олинган чет эл юрисдикцияларида рўйхатдан ўтган норезидент юридик шахслар ҳам мурожаат қилиши мумкин.

Ҳужжатда ваколатли орган томонидан қўлланадиган “асослантирилган фикр” тушунчасини жорий этиш таклиф этилмоқда. У қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари фаолияти устидан назорат жараёнида олинган маълумотлар ва бошқа ишончли манбаларга асосланган профессионал баҳони англатади.

Янги нормаларга кўра, агар низомда алоҳида қоида назарда тутилмаган бўлса, махсус режим доирасида қимматли қоғозлар бозорига оид амалдаги қонунчилик нормалари қўлланади.

Лойиҳада “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” ва “Тошкент” республика фонд биржаси махсус режим иштирокчиси сифатида алоҳида рўйхатдан ўтмасдан ҳам ушбу режим доирасида операцияларни амалга ошириши мумкинлиги белгиланмоқда. Шу билан бирга, уларга махсус режим иштирокчилари учун белгиланган айрим чекловлар ва мажбуриятлар татбиқ этилмаслиги назарда тутилган.

Шунингдек, чет эл инвестиция воситачилари ва номинал сақловчилари учун имкониятлар кенгайтирилиб, уларга Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозорида фаолият юритиш, депо ва банк ҳисобварақларини очиш, айрим операцияларни лицензиясиз ва филиал ташкил этмасдан амалга оширишга рухсат бериш таклиф этилмоқда.

Лойиҳада корпоратив облигацияларни чет эл валютасида чиқариш ва ҳисоб-китоб қилишга рухсат бериш, қимматли қоғозларни бенефициар мулкдор ўзгармаган ҳолда “тўловсиз етказиб бериш” тартибида ўтказиш солиқ мажбуриятини келтириб чиқармаслиги каби қоидалар ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтишни рад этиш ва ушбу мақомдан маҳрум қилиш асослари кенгайтирилиб, нотўғри маълумот тақдим этиш, қонунбузилишлар, ҳисобот тақдим этмаслик ёки ваколатли органнинг асослантирилган фикри мавжуд бўлиши каби ҳолатлар қамраб олинмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид