Жаҳон | 13:49
790
3 дақиқада ўқилади

Губернатор: Брянск вилояти узра 81 та дрон йўқ қилинди

Брянск вилояти губернаторининг айтишича, дронлар ҳужуми оқибатида икки нафар маҳаллий аҳоли яраланган. Псков вилояти губернатори Михаил Ведерников эса дрон ҳужуми сабаб Великие Луки нефт базасида нефт маҳсулотлари сақланадиган резервуарлардан бири ёнаётганини билдирди.

Фото: Maksim Gulyachik / Shutterstock

Брянск вилоятида дронлар қўлланган навбатдаги оммавий ҳужум қайд этилди. Бу ҳақда пайшанба, 19 февралга ўтар кечаси вилоят губернатори Александр Богомаз Telegram’да хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, РФ Мудофаа вазирлигига қарашли ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) бўлинмалари, Брянск вилояти бўйича Росгвардиянинг махсус бўлинмалари ва «БАРС — Брянск» бригадасининг мобил-ўқчи гуруҳлари самолёт туридаги 81 та дронни йўқ қилган.

Оммавий ҳужум оқибатида вилоятнинг Вигоничский туманидаги Лопуш қишлоғида икки нафар тинч аҳоли вакили яраланган. Эркаклар шифохонага етказилган, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Богомаз қўшимча қилишича, бешта хусусий уй ва икки машинага шикаст етган.

Шу орада дронлар Псков вилоятига ҳамда Великие Луки шаҳридаги фуқаролик инфратузилмаси объектларига ҳужум қилди. Бу ҳақда Псков вилояти губернатори Михаил Ведерников MAX тармоғида маълум қилди.

Унинг айтишича, Великие Луки нефт базасида дрон ҳужуми сабаб нефт маҳсулотлари сақланган резервуарлардан бири ёнган. Ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда.

Маҳаллий аҳолидан ойна-деразаларга яқинлашмаслик ёки агар ҳужум пайтида кўчада бўлган бўлса, яқин бинодан бошпана топиш сўралган.

Telegram’даги ASTRA канали маълумотига кўра, яқин атрофдаги корхоналар ходимлари эвакуация қилинган. Канал аниқлаштиришича, нефт базасида резервуарлар устига ҳимоя тўри ўрнатилган бўлган. Аммо гувоҳлар изоҳларидан келиб чиқса, бир неча дрон уни тешиб ўтган, шундан сўнг катта ёнғин келиб чиққан, деб ёзади ASTRA.

ASTRA маълумотига кўра, нефт базасида кейинчалик АЁҚШ тармоғига, корхоналар ва транспорт компанияларига тақсимлаш учун нефт маҳсулотлари — дизел ёнилғиси, бензин ва бошқа турдаги хомашё сақланган.

Росавиация вакили билдиришича, Псков аэропорти самолётларни қабул қилмаган ва жўнатмаган.

Аввалроқ, 10 январга ўтар кечаси Волгоград вилоятидаги нефт базасида дрон парчалари тушиши натижасида ёнғин чиққан эди. Дронлар ҳужумлари фонида Волгоград, Геленжик, Краснодар ва Чебоксари аэропортларида рейсларни қабул қилиш ва чиқаришга чекловлар жорий этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид