The New York Times газетаси Эрон раҳбариятиги олти манба билан ўтказилган интервюлар асосида ислом республикаси эҳтимолий урушга қандай тайёрланаётгани ҳақида ҳикоя қилди. Барча кучишлатар тузилмалар шай ҳолатга келтирилган. Режимнинг асосий хавотири – сиёсий хаос келиб чиқишидан. Унинг олдини олиш учун мисли кўрилмаган чоралар кўрилган. Мамлакатга раҳбарлик амалда Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби – консерватор, хавфсизлик кучлари ходими ва Эрон сиёсати фахрийси Али Ларижонийга ўтган.

2026 йил январ ойидан бошлаб Эронда оятуллоҳ режимига қарши кенг кўламли норозилик намойишлари ва Америка ҳаво ҳужумларини кутиш фонида Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний мамлакатнинг амалдаги раҳбарига айланган. Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий норозилик намойишларини бостириш ва урушга тайёргарлик кўриш вазифасини айнан унга топширган. Шунингдек, у режимнинг асосий ҳамкорлари – Россия, Қатар ва Ўмон билан алоқаларни давом эттирмоқда. АҚШ билан музокараларни расман ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи олиб бораётган бўлса-да, у саҳна ортида туриб жараённи назорат қилмоқда.

67 ёшли Ларижоний нуфузли кланга мансуб: унинг отаси таниқли шиа воизи, акаларидан бири – Хоминаийнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси, бошқаси Эрон суд тизими раҳбари бўлган, ҳозирда эса мамлакат олий раҳнамоси ҳузуридаги маслаҳат органи ҳисобланган Шариат кенгашини бошқаради. Унинг бошқа қариндошлари ҳам ислом республикаси диний ва сиёсий тузилмаларида муҳим лавозимларни эгаллаган.

Али Ларижонийнинг ўзи Ислом инқилоби муҳофизлари корпусида бригада генерали даражасигача кўтарилган, ўн йил мобайнида давлат телерадиокомпаниясини бошқарган. 2005 йилда президентлик сайловларида номзодини қўйган, аммо атиги олтинчи ўрин билан чекланган. Ўша йилги сайловларда ғолиб чиққан Маҳмуд Аҳмадинажот уни Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби этиб тайинлайди. Ларижоний 2008 йилда бу лавозимдан бўшайди ва Эрон парламенти спикерига айланиб, бу лавозимда 2020 йилга қадар ишлайди.

Ларижоний Хоминаийнинг ишончига кирган яқин кишисига айланган. У ўтакетган консерватор (ислом инқилоби принципларига қаттиқ амал қилади), ислом республикасининг бошқарув тузилмаларида катта ва хилма-хил иш тажрибасига эга. 2000-йилларда у Эрон ядровий дастури бўйича АҚШ билан ўтказилган музокараларни назорат қилган, 2020-йилларда эса Эроннинг Хитой билан яқинлашув сиёсатининг бош меъмори бўлган.

2025 йил бошида Ларижонийнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги фаоллиги ортади, Эрон президенти Маҳмуд Пизишкиённинг таъсири эса заифлашади. Москвада Владимир Путин ва Яқин Шарқ етакчилари билан учрашувда айнан у қатнашганди. ОАВда ва ижтимоий тармоқларда ҳам айнан у ислом республикаси позициясини ифода эта бошлади.