Ўзбекистон | 12:08 / 27.02.2026
1756
1 дақиқада ўқилади

Термиз халқаро савдо маркази ҳудуди 1 минг гектаргача кенгайтирилади

Термиз халқаро савдо маркази фаолияти сезиларли натижа бермоқда: ўтган йили бу ерга 800 мингдан ортиқ Афғонистон фуқароси ташриф буюрган, экспорт ҳажми 320 миллион долларни ташкил этган. Энди марказда йирик ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва экспортни кескин ошириш бўйича янги вазифалар белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, тадбиркорлар ва инвесторлар фаолиятини кенгайтириш, Термиз халқаро савдо маркази ҳудудида катта ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш таклифи билдирилган. Шу муносабат билан марказ майдони 1 минг гектарга етказилиши белгиланди.

Мутасаддиларга мазкур кенгайтириш ҳисобидан марказдаги экспорт ҳажмини жорий йил 600 миллион, келаси йил 1 миллиард долларгача етказиш, шунингдек қўшимча 10 минг иш ўрни яратиш топширилди.

Қайд этилишича, янги лойиҳалар амалга оширилиши натижасида ҳам тадбиркорлар фаоллиги, ҳам савдо қилиш учун келадиганлар сони бир неча баробар ошиши кутилмоқда. Шу боис марказда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида махсус прокуратура ва ички ишлар бўлими фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, эндиликда марказ ҳудудидаги товар савдоси ва хизматлар экспорт сифатида баҳоланади. Уларга нисбатан қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) “нол” ставкада қўлланиши белгиланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид