Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси дипломатлари ушбу давлатда сақланаётган Амир Темур ва темурийлар даврига оид китоблар, қўлёзмалар ҳамда мазкур давр санъати, меъморчилиги ва миниатюраларига оид экспонатларни ўрганди.
Ўрганишлар натижасида Тожикистон Миллий университети музейида Амир Темур ҳаётига бағишланган “Маноқиби Амир Темур Соҳибқирон” номли ўзбек (туркий) тилида ёзилган ноёб қўлёзма сақланаётгани маълум бўлди.
Университет профессори Бадриддин Мақсудовнинг таъкидлашича, “Маноқиби Амир Темур Соҳибқирон” (“Амир Темурнинг мақтовга сазовор фазилатлари”) китоби Темур ҳақидаги энг қадимги туркий қўлёзма бўлиши мумкин. Қайд этилишича, ушбу асар “Темур тузуклари”, Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”си, шунингдек, Мирхонд ва Хондамир ижоди каби машҳур тарихий манбалардан олдин ёзилган бўлиши эҳтимол қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, тарихий китоб Амир Темурнинг туғилишидан тортиб, жанг саҳналари, шунингдек, шайхларга тегишли мўъжизалар тасвирини ўз ичига олади ва халқ афсоналари билан чамбарчас боғлиқ тарихий маълумотларни қамраб олади. Матнда Темурнинг замондошлари бўлмаган қаҳрамонлар учраши ривоятларга фольклор элементлар киритилганидан далолат бериши қайд этилган.
Қўлёзма сўнгида ҳижрий 1027 йил ражаб ойи — милодий 1618 йил июн–июл ойларига тўғри келувчи сана кўрсатилган. Мутахассислар ҳужжат нусха бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, асл нусха анча олдин ёзилган бўлиши эҳтимолини ҳам билдирмоқда.
Қўлёзмани атрофлича тадқиқ этиш Амир Темур даври ва Марказий Осиё тарихини чуқурроқ англашга катта ҳисса қўшиши таъкидланмоқда.















