Сиёсий харитага қарайдиган бўлсак, АҚШ ва Эрон бир-биридан ўн минг километр узоқликда жойлашган, маданияти, дини, тили ва сиёсий тизими бутунлай фарқ қилувчи мамлакатлар. Аммо, охирги йилларда бу икки давлат ўртасидаги ўта зиддиятли муносабат дунёдаги энг йирик геосиёсий инқирозлардан бирини юзага келтиряпти. Айни пайтда бир қанча манбалар Америка Яқин Шарқда кенг кўламли ҳарбий кампанияни бошлашга тайёрлиги ҳақида ёзяпти. Хўш, расмий Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги келишмовчилик илдизи нима билан боғлиқ? 

1953 йилги давлат тўнтариши

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Эронда нефт саноатини миллийлаштириш ҳаракати пайдо бўлди, мамлакатнинг катта қисмида норозилик намойишлари, иш ташлашлар бўлиб ўтди. Ана шундай шароитда сиёсий майдонга Муҳаммад Мусаддиқ чиқди ва 1951 йилги сайловдан кейин Бош вазир лавозимини эгаллади. У ҳукуматга келиши биланоқ нефт саноати давлат назоратига ўтиши тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Маҳаллий аҳоли байрам қилди: миллийлаштириш империалистик кучлар устидан ғалаба ва узоқ кутилган суверенитетга эга бўлишдек қабул қилинди. 

Буюк Британия ва АҚШ ҳар хил йўллар билан бунга тўсқинлик қилмоқчи бўлди. Улар бу масалани халқаро Гаага судида ҳал этиш учун ариза ҳам беради. Бироқ Эрон ҳукумати бу суд ваколатини тан олмади. Мусаддиқ Эрон нефти Эроннинг миллий бойлиги, уни миллийлаштириш мамлакатнинг ички иши эканлигини таъкидлайди.

Бунга жавобан Буюк Британия Эронга нисбатан иқтисодий қамал ташкил этади. Эрон ҳукумати эса Буюк Британия билан дипломатик муносабатларини узади. Ана шундай шароитда шоҳ бошчилигидаги ички ғарбпараст кучлар Буюк Британия ва АҚШнинг қўллаб-қувватлашига таяниб 1953 йилнинг 19 августида давлат тўнтариши ўтказади. Мусаддиқ ҳибсга олинади, мамлакатдан қочиб кетган шоҳ Муҳаммадризо Паҳлавий Эронга қайтади ва ҳокимиятни эгаллайди. Нефть қазиб олиш ҳуқуқи яна асосан Британия ва Америка компанияларидан иборат бўлган халқаро консорциум қўлига ўтади.

1953 йилги давлат тўнтариши нафақат шоҳга, оддий эронликларнинг ҳам қўрқувига қўрқув қўшди. Мамлакатда азалдан империалистик кучлар сифатида Россия ва Буюк Британия кўриб келинарди. Эндиликда АҚШ мамлакат ички ҳаётига ҳаммадан ҳам кўпроқ аралаша бошлайди.

Муҳаммадризо Паҳлавий эса Американинг чизган чизиғидан чиқмайдиган раҳбарга айланди ва Яқин Шарқда Ғарб таъсирининг яловбардори сифатида гавдаланди. Унинг бошқаруви даврида Эрон ўзининг асрий анъаналаридан воз кечиб, дунёвий давлатга айлана бошлайди. Мамлакатда нафақат Ғарб байрамлари, балки ислом дини келишидан аввал мавжуд бўлган маросимлар ҳам нишонлана бошлайди. Кичик Паҳлавий АҚШнинг ташқи сиёсатини ҳам қўллаб-қувватлайди. Ўша пайтларда бутун ислом олами Исроил-Фаластин можаросида Исроил томонида тургани учун АҚШни қоралаётган вақтда у АҚШнинг Яқин Шарқ масаласида юритган бир томонлама сиёсатига хайрихоҳлик билдиради. Бу эса эронликларнинг кўпчилигига ёқмайди. Шу тариқа, Эронда шоҳ Паҳлавийнинг «радикал ғарблаштириш» сиёсатига қаршилар сони тобора ўсиб боради.