Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия канцлери АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операциясини қўллаб-қувватлади
Германия АҚШ–Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операциясининг қонунийлиги ҳақидаги саволга жавобан канцлер Фридрих Мерц: Берлин иттифоқчиларга халқаро ҳуқуқни “ўргатиб ўтирмайди”, деди.
Германия канцлери Фридрих Мерц Эрон раҳбариятига қарши Исроил ва АҚШнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. У якшанба, 1 март куни Берлинда Германия ҳукумати “муллалар режими ўз охирига яқинлашаётгани”дан кўплаб эронликлар ҳис қилаётган “енгиллик” туйғусини бўлишишини айтди.
“Биз АҚШ ва Исроил билан бирга бу режимнинг террорлиги тўхташи ва Эроннинг хавфли ядровий ҳамда баллистик дастури тўхтатилиши манфаатидaмиз”, — деди Мерц. Унинг таъкидлашича, ҳарбий зарбалар “заифлашган режимнинг вайронкор ўйини”га нуқта қўйиши керак.
Шу билан бирга, Германия ҳукумати раҳбари бу ҳужумлар “хавфсиз эмас”лигини ҳам қайд этди. “Биз Эроннинг минтақадаги қаттиқ жавоб зарбалари қандай кескинлашувга олиб келишини билмаймиз”, — деди у. Мерц яна бир бор Теҳронни “пала-партиш берилаётган бу ҳужумларни дарҳол тўхтатиш”га чақирди.
Халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан Эронга зарбаларнинг қонунийлиги ҳақидаги саволга Мерц шундай жавоб берди: Германия “дилемма”ни кўряпти — сўнгги ўн йиллар давомида халқаро ҳуқуқ доирасида ҳеч қандай қадамлар билан Теҳрон раҳбариятига нисбатан бирор натижага эришиб бўлмади. Германия канцлерининг фикрича, ҳозир “ҳамкорларимиз ва иттифоқчиларимизни ўргатадиган вақт эмас”.
Исроил ва Қўшма Штатлар 28 феврал тонгида Теҳрон ва Эрон ҳудудидаги бошқа жойларга зарбалар берди. АҚШ президенти Доналд Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш ниятида эканини билдирди. У Эрон армиясини қуролни ташлашга, мамлакат аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олиш”га чақирди.
Эрон Қизил Ярим Ой жамиятининг 1 март тонгидаги маълумотига кўра, зарбалар оқибатида мамлакатда 201 киши ҳалок бўлган, яна 747 киши яраланган. Эрон ОАВ Минаб шаҳрида қизлар мактабига ракета тушиши натижасида 100 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлгани, 95 киши яраланганини даъво қилмоқда. Эроннинг олий раҳбари — Али Хоминаий ва бир қатор юқори лавозимли куч тузилмалари вакиллари, жумладан мудофаа вазири Азиз Носирзода ҳамда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Муҳаммад Пакпур ҳалок бўлгани тасдиқланган.
Эрон жавобан Исроил ҳудудига ва Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатларга зарбалар берди. Исроилда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. 28 феврал кечқурун Тел-Авивда турар жойга ракета тушиши оқибатида икки аёл ҳалок бўлган. 1 март куни Қуддус яқинидаги Бейт-Шемеш шаҳрида яна бир Эрон ракетаcи турар жой секторига тушган, сўнгги маълумотларга кўра, 9 киши ҳалок бўлган, 28 киши яраланган.
Бирлашган Араб Амирликлари ва Кувайтда Эроннинг ҳаво зарбалари оқибатида бир неча киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган. Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Қатар шаҳарларида ҳам портлашлар товуши эшитилган. АҚШ ҳарбийлари Ироқ шимолидаги Арбил шаҳри устида икки дрон ушлаб қолинганини маълум қилди. Уммон соҳиллари яқинида нефт танкери ёниб кетган. Теҳрон араб мамлакатларига ҳужумларни инкор қилди ва зарбалар фақат АҚШ ҳарбий базаларига қаратилганини билдирди.
Мавзуга оид
22:10 / 21.06.2026
Эрон Трамп таҳдидларидан сўнг музокараларни давом эттиришдан бош тортди
09:32 / 20.06.2026
Бокуда саккиз нафар Россия фуқароси қамоқ жазосига ҳукм қилинди
09:17 / 20.06.2026
ОАВ: Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида сулҳ тузилди
09:02 / 20.06.2026