Ўзбекистон | 10:46
1842
6 дақиқада ўқилади

“IELTS 9 ҳам ёрдам бермаслиги мумкин” – АҚШнинг 3 олийгоҳидан грант ютган самарқандлик ўқувчи Дилнура Тоштемирова

У шу йилнинг феврал ойида бир пайтнинг ўзида Queens University of Charlotte, Loyola University New Orleans ва Central Michigan University олийгоҳларига ўқишга қабул қилинди ва умумий ҳисобда 280 минг долларлик грант таклифларини олди. Қизиғи, Дилнура бу натижага юқори балли IELTS, CEFR, GPA сертификатлари билан эмас, ўзи танлаган соҳа бўйича дарсдан ташқари фаолияти, лойиҳалари билан эришганини таъкидлайди. Kun.uz билан суҳбатда у ҳужжат топшириш жараёни қандай кечгани, грант олишда қайси омиллар ҳал қилувчи бўлгани ҳақида гапириб берди.

Ҳозирда ўзбекистонлик ёшларнинг чет элдаги нуфузли олийгоҳларда таълим олишга бўлган қизиқиши ҳар қачонгидан юқори. Аммо ҳамма ҳам фақатгина IELTS, SAT, GPA сертификатлари билан дунё топ университетлари ўз эшигини оча олмаслигини англаб етаётгани йўқ. Самарқанд шаҳридаги 16-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Дилнура Тоштемирова грант ютиш учун сертификатлардан кўра амалий лойиҳалар кўпроқ устунлик беришини амалда исботлади.

У 2025 йилда бошланган қизғин тайёргарлик жараёнидан сўнг, АҚШнинг бирйўла уч нуфузли олийгоҳига қабул қилинди. Хусусан, Queens University of Charlotte ва Loyola University New Orleans университетларининг ҳар биридан 120 минг долларлик, Central Michigan University’дан эса 40 минг долларлик грант соҳиби бўлди.

Ўқувчи қиз мазкур натижани ўртача GPA баллари ва тил сертификатлари билан қайд этди. Дилнуранинг айтишича, кўпчилик абитуриентлар орасида “IELTS’дан 8 ёки 9 олсам, топ университет эшиклари очиқ” деган янглиш қараш мавжуд. Сертификатлар – минимум талаб. Инглиз тилини билсангиз, сиз чет эллик талабаларга тенг бўласиз, холос. Улардан ажралиб туриш учун бошқа устун жиҳатларингизни намоён этишингиз керак.

“Тўғри, нуфузли олийгоҳларга ҳужжат топширишда биринчи навбатда баҳолар муҳим. Инглиз тилида буни GPA деймиз. 10-синфдан бошлаб айнан баҳоларимга жиддийроқ қарай бошладим, айниқса, соҳамга яқин фанларга. Кейинги ўринда IELTS ва SAT масаласи туради. SAT баллингиз қанчалик юқори бўлса, грант имконияти ҳам шунчалик ортади. Негаки SAT сизнинг университетдаги академик босимга тайёрлигингизни кўрсатади. Лекин шуни айтмоқчиман, фақат сертификатларнинг ўзи билан узоққа бориб бўлмайди: IELTS 9 ёки жуда юқори балли SAT билан ҳам ҳамма жойга кира олмайсиз. Сертификатлар – фақат базавий кўрсаткич. Инглиз тилини билсангиз, сиз чет эллик талабаларга тенг бўласиз, холос. Улардан ажралиб туриш учун бошқа жиҳатингизни намоён қила олишингиз зарур”, – дейди Дилнура.

Унинг таъкидлашича, энг асосий нарса extracurricular activities, яъни мактабдан ташқари қилган ишларингиз. Ўзингиз танлаган соҳага қай даражада қизиқасиз, бу йўналишда бирор лойиҳа қилганмисиз, жамиятга фойдаси тегадиган ташаббус кўрсатганмисиз – университетлар айнан шу каби жиҳатларга кўпроқ қарайди.

“Амалга оширган лойиҳаларингиз глобал даражада ўтказилиши шарт эмас. Муҳими, у реал ва ҳаётга татбиқ этилган бўлиши лозим. Ҳужжатларимни топшириш босқичида аризамда қилган ишларимни ёзиб қолдирдим. Қабул хатида эса “Jadid Power Club” лойиҳам ва конференциялардаги иштирокимни университет раҳбарияти алоҳида тилга олди. Бу мен учун жуда катта ишонч бўлди. Шунда тушундимки, қабул комиссияси сертификат балларимни эмас, қилган ишларимни устун қўйган. Яъни мен қоғоздаги рақаммас, реал ҳаётда нимадир қилган инсон сифатида баҳоланганман. Конференциялардаги иштироким ҳам аризамни кучайтирди. У ерда халқаро ташкилотлар масъулларига таржимонлик қилдим, хорижий меҳмонларга гидлик хизмати кўрсатдим. Бу тажрибалар менга глобал муҳитни ҳис қилиш, турли қарашларни тинглаш ва ўз фикримни аниқ ифодалашни ўргатди. Университетлар номзодларда айнан шуни, яъни ташаббускорлик ва етакчиликни кўришни хоҳлайди”, – дейди ўқувчи қиз.

Дилнуранинг айтишича, ҳужжат топшириш жараёнидаги яна бир муҳим талаб – иншо ва тавсиянома хатлари. Мазкур икки ҳужжат номзоднинг шахсияти, қарашлари ва ички дунёсини очиб беради.

“Энг қийин жараён иншо ёзиш бўлди. Сентябр ойидан бошлаб “иншога нима ёзаман?” деган савол ўйлантира бошлади. Ўзимни таҳлил қилиш, ички жараёнларимни сўз билан ифодалаш осон кечмади. Лекин айнан иншо шахсиятингизни очиб берадиган ҳужжат. IELTS ёки SAT’дан кўнглингиздагидек натижа қайд этмасангиз ҳам, пухта иншо аризангизни сезиларли даражада кучайтириши мумкин.

Тавсияномалар ҳам жуда муҳим. Ўқитувчилар, конференцияларда танишган профессорлар ёки мутахассисларнинг фикри катта рол ўйнайди. Networking, яъни тўғри муҳитда бўлиш, одамлар билан мулоқот қилиш ҳам аҳамиятли. Турли конференциялардаги тажрибаларим тавсиянома олиш билан бир қаторда, қайси йўналишда ўқишни хоҳлашимни аниқ тушунишга ёрдам берди”, – дейди у.

Дилнура ўз келажагини халқаро муносабатлар ва дипломатия билан боғлаган. Унинг мақсади – Бирлашган миллатлар ташкилотида (БМТ) Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган профессионал дипломат бўлиш. У яна 12 олийгоҳга ўқишга ҳужжат топширган ва айни вақтда жавоб хатларини кутяпти. Суҳбат давомида Дилнура шахсий қизиқишларни аниқлаш ва олийгоҳларни тўғри танлаш ҳақида ҳам гапириб берган.

Интервьюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова
Муаллиф Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид