Ўзбекистон | 17:43
1034
7 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ўзбекистонликларнинг хавфсизлигини таъминлагани учун Форс кўрфази давлатлари раҳбарларига миннатдорчилик билдирди

Президент Ўмон, БАА, Кувайт, Қатар ва Баҳрайн раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилиниб, юзага келган беқарорлик жиддий ташвиш уйғотаётгани қайд этилган.

4 март куни президент Шавкат Мирзиёев ва Ўмон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтди. Мулоқотда Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилиниб, юзага келган беқарорлик жиддий ташвиш уйғотаётгани қайд этилди.

Президент Ўмон ҳудудида содир бўлган бундай ҳаракатлардан хавотирда эканини билдириб, Ўзбекистон ҳар қандай қарама-қаршилик ҳамда зиддиятни сиёсий-дипломатик ва тинч йўллар билан, музокаралар орқали ҳал қилишнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари Султонликнинг минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида амалга ошириб келаётган фаол воситачилик роли ва изчил саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, Ўмонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни Ватанига қайтариш учун яратилаётган шарт-шароит учун султонга миннатдорлик билдирди.

Ўз навбатида, Ўмон султони Ўзбекистон етакчисига ҳамжиҳатлик ва бирдамлик туйғулари учун ташаккур изҳор этиб, Масқатга бўлажак олий даражадаги тарихий ташриф юксак савияда ўтишига ишонч билдирди.

Шавкат Мирзиёевнинг БАА президенти Шайх Муҳаммад бин Зайд Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Томонлар охирги кунларда Яқин Шарқ минтақасидаги вазият тобора кескинлашиб, низо ва зиддиятлар авж олаётгани қаттиқ ташвишга солаётганини қайд этди.

Муқаддас Рамазон ойида рўй бераётган бундай нохуш ҳолатлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид эканлиги ҳамда тинчлик-осойишталикка таҳдид солаётган ҳар қандай ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари ушбу мураккаб дамларда Ўзбекистоннинг стратегик шериги ва яқин ҳамкори бўлган Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарияти ва халқи билан бирдам ва якдил эканини билдирди.

Ҳозир ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган амалий кўмак, уларни Ватанига қайтариш бўйича олиб борилаётган чоралар учун алоҳида ташаккур изҳор этди.

Ўзбекистон президенти ва Кувайт валиаҳди ўртасида телефон суҳбати

Шавкат Мирзиёев 4 март куни Кувайт давлати валиаҳди Шайх Сабоҳ ал-Ҳолид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан телефон орқали суҳбатлашди.

Мулоқот чоғида охирги кунларда Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлашаётгани, мамлакатдаги турли инфратузилма объектларига берилган зарбалардан жиддий хавотир билдирилди. Бундай салбий ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид эканлиги ва ушбу синовли дамларда Ўзбекистон биродар Кувайт халқи билан бирдам ҳамда елкадош экани таъкидланди.

Аҳолининг тинчлиги ва осойишталигига жиддий хавф туғдирадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлиги қайд этилди.

Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари бу ерда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган амалий ёрдам учун алоҳида ташаккур айтди. Шунингдек, Кувайт Амири Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ Аъло Ҳазратларига илиқ саломларини йўллади.

Ўз навбатида Кувайт Валиаҳди ҳозирги қийин вақтда изҳор этилган дўстона қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик туйғулари учун Ўзбекистон етакчисига мамлакат раҳбарияти ва халқи номидан чуқур миннатдорлик изҳор этди.

Ўзбекистон ва Қатар етакчилари телефон орқали мулоқот қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 4 март куни Қатар давлати амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат давомида Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ва зиддиятлар минтақавий барқарорлик ва тинчликка жиддий таҳдид солаётгани таъкидланди. Муқаддас Рамазон ойида мусулмон уммати ўртасидаги келишмовчиликни кучайтирадиган номақбул ҳаракатлардан чуқур хавотир ифода этилди.

Давлат суверенитети, тинчлиги ва осойишталигига хавф солувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш минтақа давлатларининг умумий манфаатларига хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Қатарда бўлиб турган фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни Ватанига қайтариш бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда яратилган шароит учун Амир Аъло Ҳазратларига чуқур миннатдорлик билдирди.

Ўз навбатида Қатар Амири ҳозирги синовли кунларда Ўзбекистон Президентига дўстона мулоқоти, доимий равишда қўллаб-қувватлаб келаётгани, билдирган самимий бирдамлик сўзлари, икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга қаратаётган катта эътибори учун алоҳида ташаккур изҳор этди.

Ўзбекистон президенти ва Баҳрайн подшоҳи ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни Баҳрайн Подшоҳи Ҳамад бин Исо Ол Халифа билан телефон орқали суҳбатлашди.

Мулоқот давомида Яқин Шарқда кузатилаётган сўнгги жараёнлар, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка салбий таъсир кўрсатаётган масалалар муҳокама қилинди.

Муқаддас Рамазон ойида мусулмон уммати ҳамжиҳатлик, яқин биродарлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик тамойиллари асосида бир-бирига ҳамфикр ва мададкор бўлиши лозимлиги қайд этилди.

Мамлакат тинчлиги ва фуқаролар осойишталигига жиддий хавф соладиган, бегуноҳ инсонларнинг азият чекишига сабаб бўлаётган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, барча муаммоларни фақат дипломатик ва музокаралар йўли орқали ҳал этиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Мамлакатимиз етакчиси бундай мураккаб ва синовли шароитда Баҳрайн раҳбарияти ва халқи билан бирдам ва ҳамжиҳат эканлигини изҳор этди.

Ўз навбатида, Подшоҳ Ҳамад бин Исо Ол Халифа давлатимиз раҳбарига шундай синовли кунларда эътибор кўрсатиб, қилган телефон қўнғироғи, кўрсатган чин дўстлиги ва самимий қўллаб-қувватлови учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон президенти ва Иордания подшоҳи ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни Иордания Ҳошимийлар подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн aл-Ҳусайн билан телефон орқали суҳбатлашди.

Мулоқот давомида сўнгги кунларда Яқин Шарқда кузатилаётган жараёнларнинг кескин тус олиши минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ҳамда давлатлараро муносабатларга жиддий путур етказаётгани алоҳида таъкидланди.

Бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ойида мамлакатлар суверенитети, фуқаролар тинчлиги ҳамда осойишталигига хавф туғдирадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, низо ва муаммоларни тинч ва дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарурлиги қайд этилди.

Мамлакатимиз етакчиси бундай синовли дамларда Иордания раҳбарияти ва халқи билан якдил ва бирдамлигини таъкидлади.

Ўз ўрнида Иордания Подшоҳи ушбу синовли кунларда чин дўстлик, самимий қўллаб-қувватлаш ва ҳамжиҳатлик сўзлари учун Президентимизга чуқур миннатдорлик изҳор этди. Яқин истиқболда Амманга бўлажак олий даражадаги тарихий ташриф юксак савияда ва сермаҳсул ўтишига қатъий ишонч билдирди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид