Йиғилишда қайд қилинишича, ўтган йили Сирдарё вилояти иқтисодиёти 9,8 фоизга ўсди. Саноат ишлаб чиқаришида 8,2 фоизлик ўсиш таъминланиб, бу кўрсаткич бўйича вилоят ҳудудлар орасида тўртинчи ўринни эгаллади. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ҳам изчил ўсиб бормоқда. 2017 йилда 10 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, 38,1 миллион сўмга етди, яъни қарийб 3,8 баробарга ошди. Ўтган йили вилоятда 42 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, уларнинг умумий қиймати 333 миллион доллардан ошди. Ушбу лойиҳалар доирасида 17,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Йиғилишда Сирдарёни Хитой тажрибаси асосида илғор инновацион ҳудудга айлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Жумладан, Гулистон туманида 300 миллион долларлик чорвачилик мажмуаси ва болалар учун озиқ-овқат ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича келишувга эришилди. Янгиер шаҳрида Франциянинг “Bonduelle” компанияси билан ҳамкорликда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, рақамли иқтисодиёт, косметика саноати, агросаноат ва қайта ишлаш соҳаларида ҳам янги инвестиция ташаббуслари ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, Ширин шаҳрида дата-марказ, Гулистон шаҳрида инкубация ва акселерация марказларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар шакллантирилган.

Йиғилишда жорий йилда вилоятга 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва экспорт ҳажмини 500 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди. Бунинг ҳисобига ялпи ҳудудий маҳсулотни 9 фоизга, саноатни 8,2 фоизга, хизматлар соҳасини 15,4 фоизга, қишлоқ хўжалигини 6,8 фоизга ва қурилиш ҳажмини 15 фоизга ошириш режалаштирилган.
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили камбағаллик даражаси 11,3 фоиздан 6,2 фоизга туширилди. Бироқ бу кўрсаткич ҳали ҳам республика ўртача даражасидан юқори экани қайд этилди.
Жорий йилда тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 10 триллион сўм ресурс ажратилмоқда. Мазкур маблағлар асосида 185 минг аҳолини иш билан таъминлаш, ишсизлик даражасини 4,6 фоизгача, камбағалликни эса 3 фоизгача қисқартириш режалаштирилган. Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарлари, Сардоба, Сайхунобод, Сирдарё ва Ховос туманларини ишсизлик ҳамда камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш чоралари кўрилади.
Бу борада “Меҳнатсевар аёл”, “Тенг имкон – инклюзив бандлик”, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” каби дастурлар доирасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳолининг даромад манбаларини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

















