Кўксарой қароргоҳида президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари маросимда нутқ сўзлаб, барча муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингилларни самимий табриклади.

– Инсон ҳаётини, жамият тараққиётини хотин-қизларсиз, уларнинг эзгу фазилатларисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Биз сизларнинг тимсолингизда Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлиб майдонга чиқаётган 22 миллионлик ёш авлодни оналик меҳри билан тарбиялаб, вояга етказган буюк бир кучни кўрамиз.

Сизлар тадбиркор, олим, муаллим, шифокор, муҳандис, давлат ва жамоат арбоби, бир сўз билан хонадонларимиз фариштаси, оила ва жамият таянчи, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз, – деди президент.

Мамлакатда сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ролини ошириш бўйича мутлақо янги тизим шакллантирилгани таъкидланди. Қабул қилинаётган қонун ва қарорларда гендер тенглиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, хотин-қизлар манфаатларига таъсири баҳоланмасдан туриб, ҳеч бир қонун қабул қилинмаслиги белгиланган.

Мазкур сиёсат натижасида фаол тадбиркор аёллар қатлами шаклланиб, бугунги кунда уларнинг сони 230 минг нафарга яқинлашди. Қишлоқ хўжалигида 12 минг нафардан ортиқ фермер аёллар меҳнат қилмоқда, илм-фан соҳасида эса 6 мингдан зиёд олималар фаолият юритмоқда.

Ўзбекистонлик қизлар халқаро спорт мусобақаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Хусусан, ўтган йилда улар жаҳон ареналарида 167 та олтин, 193 та кумуш ва 243 та бронза медалини қўлга киритди.

Хотин-қизлар ҳаётидаги бундай ижобий ўзгаришлар халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг “Парламентдаги аёллар” рейтингида 92 поғона юқорилаб, 36-ўринни эгаллади. “Гендер тенглик ва бошқарув” индексида мамлакатимиз 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди. Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида эса 43 поғонага яхшиланиб, 48-ўринни эгаллади.

Давлат раҳбари турли соҳалардаги меҳнати, истеъдоди ва ақл-заковати билан Янги Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган аёлларимизга, халқаро майдонларда Ватанимизни дунёга тараннум этаётган қизларимизга, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига самимий миннатдорчилик билдирди.