Жаҳон | 10:21
1454
3 дақиқада ўқилади

Германия ғарбидаги уйларга метеорит бўлаклари тушди

ГФРнинг ғарбий ҳудудларидаги кўплаб аҳоли осмонда ёруғлик ҳодисасини кузатди. Кейинроқ бу метеорит экани маълум бўлди. Унинг бўлаклари бир нечта турар жой уйларининг томларига шикаст етказган.

Фото: Thomas Frey/dpa

Метеорит бўлаклари Германиянинг ғарбидаги бир нечта турар жой уйига шикаст етказди. Полиция 8 март, якшанба куни шикастланишлар ҳақидаги маълумотлар, жумладан, Кобленц шаҳридан, шунингдек Рейнланд-Пфалц федерал еридаги Хунсрюк ва Айфел тоғли ҳудудларидан келиб тушганини маълум қилди.

Полиция тезкор штаби маълумотига кўра, тахминан соат 19:00 да Кобленцнинг Гюлс туманидаги турар жой уйининг томига “ёниб кетган осмон жисми” тушган. Ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган, воқеа жойига ёнғин ўчирувчилар ва полиция ходимлари етиб келган, аммо ҳозирда ҳеч қандай хавф йўқ, деб dpa агентлиги полиция хабарини келтирган. AFP агентлиги маълумотига кўра эса, одамлар ҳам жароҳат олгани ҳақида хабарлар бор.

8 март кечқурун Германиянинг ғарбий ҳудудларида яшовчи кўплаб одамлар осмонда тушунарсиз ёруғлик ҳодисасини кўрган. Қуйи Саксония, Гессен, Рейнланд-Пфалц, Саар, Баден-Вюртемберг ва Шимолий Рейн — Вестфалия ҳудудларида буни кузатган гувоҳлар ижтимоий тармоқларда видео ва суратларни эълон қилган.

Кайзерслаутерн (Рейнланд-Пфалц) полицияси маълумотига кўра, фуқаролар “қисқа оловли ёруғлик билан ёрқин нур сочувчи учаётган объект” ёки осмондаги чақнаш ҳақида сўзлаб берган. Бошқа тахминлар қаторида ракета учиб ўтгани ҳақидаги фикрлар ҳам билдирилган. Бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари хавфсизликка таҳдид белгилари йўқлигини таъкидлади.

Метеоритлар деб Ер атмосферасига кирганда кўплаб майда қисмларга парчаланиб кетадиган астероид бўлакларига айтилади. Уларнинг айримлари ёниб кетади, бошқалари эса Ерга тушади.

2024 йил январ ойида тахминан бир метр диаметрли метеорит Берлин атрофига тушгани ҳақида хабар берилган эди. Бир йил олдин эса Германиянинг шимолидаги Шлезвиг-Голштейн ерига тахминан ўн бештача метеорит тушган. Уларнинг энг каттаси — 3,7 килограмм оғирликдаги бўлак хусусий турар жой уйи яқинидаги боғдан топилган. Коллекционерлар уни катта пулга сотиб олишга тайёр бўлган, энг манфаатли таклиф эса 200 минг еврони ташкил этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид