Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи билан уруш фонида Исроил томонидан кенг кўламли ҳаво ҳужумлари ва қуруқлик рейди ўтказилиши оқибатида яна ўнлаб кишилар ҳалок бўлди. BBC журналисти Элис Кадди ҳодиса тафсилотларини баён қилди.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 8 мартга ўтар кечаси мамлакат шарқидаги Бекаа водийсида исроиллик ҳарбийлар томонидан ўтказилган амалиёт чоғида камида 41 киши ҳалок бўлиб, яна 40 киши жароҳат олган.

Қурбонлар орасида Ливан армиясининг уч нафар ҳарбий хизматчиси ҳам бор, маҳаллий аҳоли вакиллари эса тинч аҳоли вакиллари, жумладан, болалар ҳам ўлдирилганини айтмоқда.

Наби-Шит шаҳридаги амалиёт мақсади Ливанда 40 йил муқаддам бедарак йўқолган исроиллик ҳарбий учувчининг жасадини қидириш бўлган.

Шанба куни қишлоқ қабристони бурчагида чуқур пайдо бўлган – у ердаги қабр очилган.

«Улар у ўша ерда деб ўйлашган, аммо у ердан ҳеч нарса чиқмаган», – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири бўш қабрни кўрсатиб.

Шаҳарнинг бошқа жойида автомобил ўқлар билан илма-тешик қилинган, унинг ўриндиқлари қонга беланган ҳолда эди.

Ракета зарбаси атрофдаги биноларни вайрона уюмига айлантирган, ерда улкан чуқур ҳосил бўлиб, қўшни уйларга зарар етган.

Харобалар орасида кундалик ҳаётда учрайдиган буюмлар – болалар бўёқлари, суратлар ва ошхона анжомлари ётганини кўриш мумкин.

Мазкур ҳудудни назорат қилувчи «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи вайронгарчилик кўламига ўз кўзлари билан гувоҳ бўлиши учун журналистларга қишлоққа киришга рухсат берган.

Ливанлик ҳарбийлар баёнотига кўра, жума куни кечқурун Сурия билан чегарадош ҳудудга Исроилнинг тўртта учиш аппарати кириб келган, шундан иккитаси ерга қўнган ва махсус топшириқли бўлинма жангчиларини туширган.

Шу билан бир вақтда, қишлоққа ҳаводан зарбалар йўлланган.

«Ҳизбуллоҳ» ва Исроил ўртасидаги урушга аралашмасликка ҳаракат қилаётган Ливан армияси ўз бўлинмалари қўниш жойини аниқлаш учун ёритиш ракеталарини қўллаган ҳолда «тезкор тайёргарлик ва мудофаа чораларини кўргани»ни маълум қилган.

Наби-Шит кўчаларида Исроил кучлари, «Ҳизбуллоҳ» жангчилари ҳамда ўз уйларини ҳимоя қилаётган тинч аҳоли вакиллари ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан.