Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Кислотали булутлар» ҳақидаги хабарлар илмий жиҳатдан асоссиз – Ўзгидромет
Ҳаво массалари узоқ масофаларга кўчиши жараёнида ифлослантирувчи моддалар концентрацияси кескин камайиши, шу сабабли манбадан минглаб километр узоқликда хавфли даражадаги кислотали ёғинлар шаклланиши деярли мумкин эмаслиги қайд этилган.
Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA
Ижтимоий тармоқларда Эрон ҳудудида гўёки «кислотали булутлар» шаклланиб, улар ёғинлар билан Марказий Осиё давлатлари ҳудудига етиб келиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ўзгидромет мазкур маълумотлар илмий жиҳатдан асосланмаганини маълум қилди.
«Кислотали ёғинлар атмосферада олтингугурт оксидлари (СО₂) ва азот оксидлари (НО₂) узоқ вақт давомида тўпланиб, булутларда сув буғи билан кимёвий реакцияга киришиши натижасида ҳосил бўлади. Бундай жараёнлар асосан йирик саноат ҳудудлари ва тўғридан тўғри чиқинди манбалари яқинида кузатилади.
Ҳаво массалари узоқ масофаларга кўчиши жараёнида ифлослантирувчи моддалар концентрацияси атмосферадаги турбулентлик, вертикал аралашиш, қуруқ ва нам чўкиш жараёнлари таъсирида кескин камаяди. Шу сабабли манбадан минглаб километр узоқликда хавфли даражадаги кислотали ёғинлар шаклланиши деярли мумкин эмас», дейилади изоҳда.
Бундан ташқари, ёғинларнинг ҳосил бўлиши маҳаллий булут ҳосил бўлиш жараёнлари билан боғлиқ бўлиб, ёғинлар асосан ҳудуд устидаги атмосферада мавжуд бўлган сув буғи ва аэрозоллар ҳисобига шаклланиши қайд этилган.
«Метеорологик кузатувлар ва атмосфера ҳавоси сифати мониторинги маълумотларига кўра, кислотали булутларнинг Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ҳудудига кўчиб келиши хавфи кузатилмаяпти.
Шу муносабат билан оммавий ахборот воситаларида тасдиқланмаган ва ёлғон маълумотларни тарқатмасликни ҳамда фақат расмий манбаларга таянишни сўраймиз. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёлғон ёки тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиш учун амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари мавжудлигини эслатиб ўтамиз», дейилади Ўзгидромет изоҳида.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ҳарбийлари Эрон пойтахти Теҳрондаги ёқилғи сақлаш омборларига зарба бергач, йирик ёнғинлар туфайли шаҳар осмонини қуюқ тутун қоплади, бундан ташқари атмосферага заҳарли моддалар ажралиб чиқиши оқибатида шаҳарга «нефт ёмғирлари» тушган. Бу эса минтақадаги экологик вазиятга таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни юзага келтирганди.
Мавзуга оид
15:02
АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Эрондаги уруш бошидан бери 8 ҳарбийси ўлимини тасдиқлади
13:22
Эронда 175 киши ҳалок бўлган мактаб ҳудудига АҚШнинг Tomahawk ракетаси урилгани маълум бўлди
13:21
Озарбойжон Эрондан норози, дронни ким отган?
13:12