Бразилиянинг Белу-Оризонти шаҳридаги стадионда бўлиб ўтган «Крузейро» ва «Атлетико Минейро» клублари учрашуви анча вақтгача мухлислар ёдида қоладиган бўлди – голлар ёки хавфли вазиятлар эмас, ўйин охирида майдонда кечган тартибсизлик туфайли. Минейро лигаси финалининг сўнгги дақиқаларида жамоа футболчилари ўртасида шиддатли тўқнашув юзага келди, бош ҳакам эса нақ 23 нафар футболчига қизил карточкасини кўрсатди.

Барчасини дарвозабон бошлади

Ушбу клублар ўзаро ўйинда Минейро лигаси ғолиби номини аниқлашди. Ўйиннинг 60-дақиқасида «Крузейро» форварди Кайо Жорже Жерсоннинг узатмаси орқали ҳисобни очди.

«Атлетико Минейро» қолган ярим соат давомида ҳисобни тенглаштира олмади. Жамоанинг бирорта зарбаси ҳам рақиб дарвозаси томон тўғри бормади. Натижада ўйин охирида футболчилар асабларини жиловлай олишмади.

Барча ҳакам ҳуштаги чалинишини кутиб турганида «Крузейро» сўнгги ҳужумни уюштирди, ҳужум охирида ушбу клуб яримҳимоячиси Кристиан «Атлетико Минейро» дарвозабони Эверсонга бориб урилди. Тўпга биринчи бўлиб улгурган дарвозабонга рақибнинг ҳаракати ёқмади: у аввалига курашга хос услуб қўллаб, Кристианни оёғидан ушлаб йиқитди, кейин эса унинг устига чиқиб олиб, тажовузкор ҳаракатларини давом эттирди.

Шундан кейин икки жамоа футболчилари, шунингдек, захира ўриндиғидагилар ҳамда мураббийлар штаби аъзолари воқеа жойига етиб келишди. Майдонда оммавий муштлашув бошланди.

Натижада томонларни ажратиш учун майдонга ҳарбий полиция кучлари тушиб келган.

«Аралашув хавфсизлик хизмати мажбуриятларининг бир қисми ҳисобланади. Протоколда ҳакамлар бригадаси хавфсизлигини таъминлаш шартлиги кўрсатилган ва бу иш бажарилди», – дейилади ҳарбий полиция баёнотида.

Бир неча дақиқадан кейин футболчилар тинчланишган, учрашув эса «тулкилар»нинг минимал ҳисобдаги (1:0) ғалабаси билан якунланган. Ўйин бош ҳаками эса 23 футболчига қизил карточка кўрсатди: шундан 12 нафари «Крузейро», 11 нафари «Атлетико» футболчилари. Бу борада бундан олдинги рекорд 1954 йилда «Ботафого» ва «Португеза» клублари ўртасидаги ўйинда ўрнатилган, ўшанда 22 кишига қизил кўрсатилганди.