Ўзбекистон | 09:42
1337
1 дақиқада ўқилади

Ички ишлар ходими қайси ҳолларда электрошок қурилмасини қўллаши мумкин?

Қонунчиликка кўра, ички ишлар органи ходимлари айрим ҳолатларда хизмат вазифасини бажариш жараёнида электрошок қурилмаларини қўллаш ҳуқуқига эга.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Мазкур қурилмалар фуқарога ёки ички ишлар органи ходимига қилинган ҳужумни қайтариш, жиноятга ёки маъмурий ҳуқуқбузарликка чек қўйиш, шунингдек, ички ишлар органи ходимига қаршилик кўрсатилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, жиноятни содир этиш чоғида ёки уни содир этганидан кейин дарҳол кўриб қолинган ва яширинишга уринаётган шахсни ушлашда ҳам электрошок қурилмаларидан фойдаланишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, ушлаб турилган шахсларни, қамоққа олинган ёки маъмурий қамоққа олинган шахсларни олиб бориш, қўриқлаб бориш ва қўриқлаш жараёнида, шунингдек, зўравонлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган бинолар, хоналар, иншоотлар, транспорт воситалари ва ер участкаларини озод қилишда ҳам ушбу қурилмалар қўлланиши мумкин.

Айни пайтда, электрошок қурилмаларидан фойдаланишда учинчи шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслик, шунингдек уларнинг мол-мулкига зарар етказмаслик талаб этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид