Жаҳон | 10:11
1239
3 дақиқада ўқилади

Афғонистон Покистоннинг Кобулга зарбалари оқибатида қурбонлар борлигини маълум қилди

Афғонистон Покистон Кобулдаги “тинч аҳоли уйлари”га зарба берганини, оқибатда тўрт киши ҳалок бўлиб, яна 15 киши яраланганини маълум қилди. Толиблар сўзларига кўра, қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.

Фото: picture alliance

Покистон, жумладан, “Кобулдаги тинч аҳоли уйлари”га ҳам зарба берди, оқибатда тўрт киши ҳалок бўлди, яна 15 киши яраланди. Бу ҳақда 13 март, жума куни AFP агентлиги маҳаллий полициянинг X ижтимоий тармоғидаги баёнотига таяниб хабар қилди. Таъкидланишича, қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.

Бундан ташқари, Афғонистон ҳукумати вакили Забиҳулла Мужоҳид Покистон Қандаҳор шаҳрига, Покистон билан чегарадош Пактия ва Пактика вилоятларига, шунингдек яна бир қатор ҳудудларга зарба берганини маълум қилди.

AFP’нинг Покистон хавфсизлик хизматларидаги манбаси 13 мартга ўтар кечаси Афғонистонга зарбалар берилганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, ҳужумлар нишонлари “Таҳрик-и-Толибон Покистон” (ТТП) аъзолари бўлган. Бу Покистондаги қуролли гуруҳ бўлиб, “покистонлик толиблар” номи билан ҳам танилган ва афғон “Толибон”и билан яқин алоқадор ҳисобланади.

Аввал иттифоқчи бўлган бу икки давлат ўртасидаги таранглик Покистон Афғонистондан ТТПга қарши чора кўришни талаб қилганидан кейин кучайди. 2025 йил 9 октябр куни Кобулда икки портлаш юз берди, улар учун жавобгарликни “Толибон” Исломобод зиммасига юклади. Шундан сўнг афғон қўшинлари чегара нуқталарида покистонлик ҳарбийларга қарши ўқ узди. Бунга жавобан Покистон армияси оғир артиллерия, танклар ва дронлар билан зарба берди, шунингдек қирувчи самолётларни ҳавога кўтарди.

Тўқнашувлар 2025 йил октябр ойи охиригача давом этди, шундан кейин томонлар Қатар ва Туркия воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Аммо кейинги музокаралар тинчлик битими тузилишига олиб келмади.

2026 йил феврал ойи охирида Покистон Афғонистоннинг бир нечта шаҳрига, жумладан Кобулга ҳаво зарбалари берди. Ўшанда Покистон мудофаа вазири Хўжа Осиф бир неча ойлик қуролли тўқнашувлардан кейин икки қўшни давлат ўртасидаги таранглик “очиқ уруш”га айланганини айтган эди. Шундан буён, толиблар маълумотига кўра, ўнлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Исломобод эса можаро давомида тинч аҳолини ўлдирмаганини таъкидлаб келмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид