10-12 март кунлари футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 3-тур ўйинлари ўтказилди.
НЕФТЧИ 3:0 АНДИЖОН
Голлар: Алишер Одилов, 42 (1:0), Жамшид Искандаров, 50 (2:0), Анваржон Ғофуров, 56 (3:0)
Амалдаги чемпион «Нефтчи» ғалабали қадамини давом эттирди ва бу сафар «Андижон»ни йирик ҳисобда енгди. Бош мураббий Исломбек Исмоилов шогирдлари чемпионат стартида ҳар бир ўйинни 3:0 ҳисобида якунламоқда.
Самвел Бабаян қўл остидаги «Андижон» дастлабки ғалабадан сўнг, қаторасига икки марта ютқазди. Бундан ташқари, Бабаян мураббий сифатида илк маротаба «Нефтчи»га ютқазди. Андижонликлар устози ўйиндан кейин ҳафсаласи пир бўлганини яширмади. «Бу мағлубият мен учун янада аламли, чунки «Нефтчи» таркибида тарих ёзаётган кўплаб футболчиларни ўзим тарбиялаганман», деди у.
ПАХТАКОР 0:2 НАВБАҲОР
Голлар: Катулонди Кати, 47 (0:1), Русланбек Жиянов, 65 пен (0:2)
Тошкентдаги қорли майдонда «Пахтакор» ва «Навбаҳор» тўқнаш келди. Кескин курашларга бой ўйин тақдирини иккинчи бўлимдаги голлар ҳал қилди ва наманганликлар ғалабани илиб кетди. «Пахтакор» чемпионат стартидаги иккита ғалабадан кейин мағлубият аламини татиб кўрди.
«Навбаҳор» бу асрда илк маротаба «Пахтакор»ни Тошкентда енгди. Наманганликлар бош мураббийи Темур Кападзе «Пахтакор»ни мағлуб этиш ёқимли эканини таъкидлади. «Ўйин бўйича рақибдан кучли эдик, «Пахтакор»га қарши баҳс – ҳар бир клуб учун мотивация» деб қўшимча қилди у.
«Пахтакор» устози Камолиддин Тожиев мағлубиятдан ҳайрон эканини айтди. «Йигитларни танимай қолдим. Тўғрисини айтсам, нима юз берганини тушунмадим», деди у.
МАШЪАЛ 0:2 ҚИЗИЛҚУМ
Голлар: Жамбули Жигаури, 39 (0:1), Шоҳруз Норхонов, 90+1 (0:2)
«Машъал» чемпионатнинг аутсайдерига айланди. «Қизилқум»га ютқазган муборакликлар 3 та мағлубият билан жадвал тубига ўрнашди. Бундан ташқари, ҳали бирор марта рақиб дарвозасини ишғол этолмади. «Қизилқум» эса илк ўйиндаги мағлубиятдан кейин қаторасига икки марта ғалаба қозонди.
«Машъал» бош мураббийи Игор Суров бетоблиги туфайли бу ўйинда иштирок этмади. Унинг ўрнини эгаллаган Отабек Нарзуллаев жамоанинг муваффақиятсиз стартини тайёргарлик яхши бўлмагани билан изоҳлади. «Қишки йиғинни ўзимизда ўтказдик, Туркияга бормадик, назорат ўйинларини эса асосан Про-Лига клубларига қарши ўтказдик. Менимча, бу ҳам ўз таъсирини кўрсатди», деди у.









