Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Эрон раҳбарлари ҳақидаги маълумот учун 10 млн долларгача мукофот таклиф қилмоқда
АҚШ Давлат департаменти Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг асосий раҳбарлари ҳақида маълумот учун 10 миллион долларгача мукофот эълон қилди. Улар орасида мамлакатнинг янги олий раҳбари Мужтаба Хоминаий ҳам бор. АҚШ ҳукуматининг рўйхатида жами 10 киши мавжуд.
Фото: AP
АҚШ Давлат департаменти “Адолатга ёрдам учун мукофот” дастури доирасида Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг асосий раҳбарлари ҳақида маълумот учун 10 миллион долларгача мукофот эълон қилди. Улар орасида Эроннинг янги олий раҳбари Мужтаба Хоминаий ҳам бор. Тегишли баёнот дастур сайтида эълон қилинган. Эълон қилинган сана кўрсатилмаган, аммо оммавий ахборот воситалари бу хабарга 13 март, жума куни эътибор қаратди.
Хоминаийдан ташқари, АҚШ ҳукуматини қизиқтираётган шахслар рўйхатига яна тўққиз киши киритилган. Улар орасида олий раҳбар маъмурияти раҳбари Али Асқар Ҳижозий, мамлакат Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Лорижоний, олий раҳбарнинг катта ҳарбий маслаҳатчиси Яҳё Раҳим Сафавий, ички ишлар вазири Искандар Мўминий ва разведка вазири Исмоил Хатиб бор. Шунингдек, исмлари очиқланмаган ҳолда рўйхатга мамлакат Мудофаа кенгаши котиби, олий раҳбар маслаҳатчиси, олий раҳбар маъмурияти ҳарбий бошқармаси бошлиғи ва ИИМК қўмондони ҳам киритилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, АҚШ ҳукумати Эрон раҳбарияти ҳақидаги маълумот учун Давлат департаменти дастурида кўзда тутилган энг йирик мукофотни таклиф қилаётгани йўқ: одатда, бундай тўловларнинг энг юқори миқдори 25 миллион долларни ташкил этади. Шу билан бирга, Эрон раҳбарлари ҳақидаги маълумотни тақдим этувчилар хавфсизликни таъминлаш мақсадида бошқа жойга кўчирилиши ҳам мумкинлиги айтилган. Маълумотларни етказиш учун Tor браузери ва Signal мессенжери орқали боғланиш таклиф қилинган.
28 феврал эрталаб АҚШ ва Исроил Эронга кенг кўламли ҳаво зарбаларини бериб, “Эпик ғазаб” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. АҚШ президенти Доналд Трампнинг сўзларига кўра, илк ҳужумлар натижасида Эроннинг тахминан 40 нафар юқори лавозимли амалдори ва раҳбарлари ҳалок бўлган. Улар орасида мамлакат олий раҳбари Али Хоминаий, ИИМК қўмондони Муҳаммад Покпур, Мудофаа кенгаши котиби Али Шамхоний, Эрон қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Абдулраҳим Мусавий ва мудофаа вазири Азиз Носирзода ҳам бўлган. Шунингдек, Али Хоминаийнинг иккинчи ўғли — кейинчалик янги олий раҳбар этиб танланган Мужтаба яраланган. Ҳужумлар пайтида унинг хотини ва ўғли ҳалок бўлган.
АҚШ ва Исроил ҳужумларига жавобан, Эрон иккинчи мамлакатга ва Форс кўрфази давлатлари ҳудудларига зарбалар бермоқда. Бу ҳужумлар давомида снарядлар ва учувчисиз учиш аппаратлари фуқаролик объектларига тушгани бир неча бор қайд этилган. Эрон президенти Масъуд Пезешкиён қўшни давлатлардан узр сўраб, уларнинг ҳудудига зарбалар Эрон ҳарбийлари томонидан АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида раҳбарият йўқолган шароитда амалга оширилганини билдирди. Кейинроқ ИИМК Эрон минтақадаги исталган мамлакатда жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига зарба беришни давом эттиришини қўшимча қилди.
Яқин Шарқдаги жанглар ва уларнинг дунё учун оқибатлари ҳақида фикр юритар экан, АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан уруш у “қачон тугашини хоҳласа”, ўшанда тугашини айтди. Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац эса жанглар “ҳеч қандай вақт чекловисиз — қанча керак бўлса, шунча” давом этишини билдирди. Эрон эса урушни тугатиш шартларини унинг рақиблари эмас, балки Ислом Республикасининг ўзи белгилашини маълум қилди.
https://www.dw.com/ru/ssa-predlagaut-do-10-mln-za-informaciu-o-modztabe-hamenei-i-drugih-liderah-irana/a-76356449