Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил Али Ларижоний ўлдирилганини маълум қилди
У мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бири эди.
Фото: Reuters
Исроил мудофаа армияси 17 мартга ўтар кечаси Эрон Хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижонийга зарба берган. Бу ҳақда дастлаб Times of Israel ЦАҲАЛ баёнотига асосланиб хабар тарқатди.
Кўп ўтмай Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац «Эроннинг амалдаги раҳбари» Али Ларижоний зарба оқибатида ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Эрон ҳукумати ҳозирча бу маълумот юзасидан изоҳ бермаяпти.
«12 канал» телеканалининг Исроил хавфсизлик хизматидаги манбасига кўра, 16 март куни Ларижоний Теҳрондаги махфий квартираларидан бирига келгани ҳақида маълумот келиб тушган. Исроил зарбаси вақтида квартирада у ўғли билан бирга бўлган.
«Унда бундай зарбадан кейин омон қолиш имкони йўқ эди», – деган телеканал манбаси.
Исроил ҳарбийлари Теҳронда яна бир «аниқ зарба» натижасида кўнгиллиларнинг «Басиж» номли ҳарбийлашган тузилмаси қўмондони Ғуломризо Сулаймоний ҳам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. «Басиж» Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси таркибига киради ва Эронда ҳукуматга қарши кўтарилган намойишларни бостириш билан ҳам шуғулланган.
Али Ларижоний – АҚШ ва Исроилнинг Эрон бўйлаб йўллаган дастлабки зарбалари оқибатида ҳалок бўлган Али Хоминаийнинг ўнг қўли ҳисобланган, унинг ўлимидан кейин эса мамлакатдаги асосий шахслардан бири эди.
2025 йил августида Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Ларижонийни Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби ва олий раҳбарнинг кенгашдаги вакили лавозимига тайинлаганди. Эрон нашрларида у Хоминаийнинг маслаҳатчиси сифатида ҳам келтирилган.
У 2008 йилдан 2020 йилгача Эрон парламенти спикери лавозимида ҳам ишлаган. Парламент спикери бўлишидан олдинроқ, 2005-2007 йиллада Эроннинг ядровий дастур бўйича бош музокарачиси бўлган.
Унинг акаси Содиқ Ларижоний ҳам Эрондаги муҳим фигуралардан саналади. У Фиқҳ кенгашини бошқаради, бу тузилма парламент ва Конституцияни муҳофаза қилиш ўртасидаги ҳакамлик вазифасини бажаради.
Али Ларижоний Эронда Али Хоминаий ҳалокатидан кейин ўлдирилган энг юқори мартабали мулозим бўлмоқда. The New York Times АҚШ ва Исроил ҳужуми бошланишидан олдин мамлакатда амалдаги ҳокимият айнан Али Ларижонийнинг қўлига ўтгани ҳақида ёзганди, Али Хоминаий январда унга намойишларни бостириш ва урушга тайёргарлик кўриш топшириғини берганди. Теҳроннинг асосий иттифоқчилари – Россия, Қатар ва Ўмон билан алоқалар ҳам у орқали олиб борилган, у шунингдек, Эрон ядровий дастури бўйича АҚШ билан ўтказилган музокараларни назорат қилган.
CNN хабарига кўра, Исроил ҳарбий амалдорларидан бири брифингда айнан Ларижоний Исроил ва Форс кўрфазидаги араб давлатларига қарши ҳужумларга раҳбарлик қилганини айтган.
«Бу режимнинг имкониятларига жиддий зарба ва унинг Исроил ва ўз халқига қарши уруш олиб бориш қобилиятига жиддий зарба. Ва биз Эрон режимининг имкониятларини заифлаштиришга эришишда давом этамиз», – деган у.