Эронга қарши урушда Исроил ва АҚШ вазифаларни тақсимлаб олган: америкалик ҳарбийлар бор эътиборини ҳарбий ва саноат объектларига, исроилликлар эса – режимнинг ички тузилмаларига қаратган, дея ёзади журналистлари нишонларнинг тўлиқ рўйхати ва етказилган зарарни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар билан танишиб чиққан The Wall Street Journal газетаси.

Исроил Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаийнинг қароргоҳи бўйлаб зарба йўллаш орқали урушга кирганди. Оятуллоҳ илк кундаёқ ўлдирилди. Кейинги куни Исроил авиацияси Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бўлинмалари, «Басиж» кўнгиллилари ва махсус полиция кучларига алоқадор штаблар ва қўмондонлик марказларига тизимли равишда зарбалар беришни бошлади.

Али Хоминаийнинг Теҳрондаги қароргоҳининг 28 феврал кунги зарбадан кейинги кўриниши
Pleiades Neo / Airbus / Reuters / Scanpix / LETA

WSJ ихтиёрига келиб тушган ҳужжатлардан маълум бўлишича, зарбалар турли объектлар бўйлаб берилган. Аммо кейин Исроил разведкаси Эронда хавфсизлик кучлари учун захира режаси мавжудлигини аниқлаган: унга кўра, инфратузилмалар яксон этилган тақдирда ходимлар спорт иншоотларига йиғилиши кўзда тутилган. Исроил бу объектлар тўлишини кузатиб туради ва кейин улар бўйлаб зарбалар ёғдиради. Хавфсизлик кучлари ва армиянинг юзлаб ходимлари ўлдирилган, ўлим ҳолатларининг аксар қисми Теҳрондаги йирик футбол ўйингоҳи – «Озодий» стадионига тўғри келади.

Теҳрондаги «Озодий» стадиони Исроил зарбасидан кейин, 2026 йил 5 март
Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA

Исроилнинг яна бир муҳим нишони Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний бўлди – у Эрон ядровий дастури меъморларидан бири ва Али Хоминаийнинг яқин кишиси ҳисобланарди. 17 март тонгида Исроил махсус хизматлари Ларижоний бошқа мулозимлар билан бирга Теҳрон чеккасидаги махфий бошпанага келгани ҳақида хабар олади ва у ерга ракета учириб, нишон йўқ қилади.

Худди шу вақтда Исроил «Басиж» (Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси таркибидаги бўлинма) қўмондони Ғуломризо Сулаймоний ўз ўринбосарлари билан биргаликда Теҳрондаги ўрмонзорга тикилган чодирда яширингани ҳақида маълумот олади. У ҳам ўлдирилган.