8 апрел куни Ливан пойтахти Байрутга, шунингдек, мамлакат жанубидаги Тир ва Набатия шаҳарлари атрофига Исроил ҳарбийлари томонидан ҳаво зарбалари йўлланди. Бу АҚШ ва Эрон ўртасида сулҳ тузилгани эълон қилинишидан бир неча соат ўтиб рўй берди.
Исроил мудофаа армияси «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливандаги қўмондонлик марказлари ҳамда ҳарбий объектларига зарбалар йўллаганини маълум қилган.
Исроил ҳарбийларига кўра, 10 дақиқа ичида 100 дан ортиқ объектга ҳужум қилинган. Бу Исроилнинг «Ўкирувчи шер» номини олган амалиёт (Исроил Эрон ва Ливанга қарши ҳарбий амалиётини шундай атаган) доирасида амалга оширилган энг кенг қамровли ҳужум бўлди.
Исроил томони «бир неча ҳафта давомида синчиклаб режалаштирилган» амалиёт доирасида «аниқ разведка маълумотларига асосланган ҳолда» зарбалар йўллаганини қайд этган.
Хабарда нишонга олинган объектлар аҳоли яшаш манзилларида бўлгани, «Ҳизбуллоҳ» шу тариқа тинч аҳолидан «тирик қалқон» сифатида фойдаланаётгани таъкидланган.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги «Ал-Жазира» телеканалига Исроилнинг сўнгги зарбалари оқибатида юзлаб кишилар яралангани ва ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.
Исроил эса «Ҳизбуллоҳ» позицияларини ўққа тутишдан олдин Ливан жанубида яшовчи аҳолига эвакуация зарурати ҳақида огоҳлантиришлар юборганини иддао қилган.
Сулҳ Ливан учун амал қилмаяпти
Бу воқеалар Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув Исроилнинг Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши ҳарбий ҳаракатларига нечоғлиқ тааллуқли бўлиши борасидаги ноаниқлик фонида рўй бермоқда.
Исроил АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эрон бўйлаб зарбалар беришни икки ҳафтага тўхтатиш қарорини қўллаб-қувватлаган. Шу билан бирга, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат армияси Ливан бўйлаб зарба беришда давом этиши, чунки Эрон билан урушдаги сулҳ Ливан учун қўлланмаслигини айтган.
Бу эса АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик сулҳида воситачилик қилган Покистон ҳукуматининг баёнотига зид келади, унда Ливан йўналишидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳам тўхтатилиши ҳақида гап кетган. Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Эрон ва АҚШ ўртасидаги икки ҳафталик ярашув «ҳамма жойда, шу жумладан Ливанда ҳам амал қилиши»ни билдирган.
«Ҳизбуллоҳ» Яқин Шарқдаги сулҳ доирасида Исроил шимолини ўққа тутишни тўхтатган. 2 март куни Исроилга зарба бериш орқали Яқин Шарқдаги урушга тортилган ушбу гуруҳ сўнгги бир кунга яқин вақт давомида ҳеч қандай амалиёт тўғрисида хабар бермади.
















