Бир неча ҳафта олдин Саудия Арабистони ва БАА АҚШдан Эронга қарши амалиётни охирига етказишни сўраётгани ҳақида маълумотлар сиздирилган эди. Лекин кейинроқ вазият ўзгариб, уларнинг позициясида эҳтиёткорлик устун бўла бошлади. Айни пайтда, Саудия ва БАА араб дунёсида алоҳида мавқега эга Мисрдан ҳам хурсанд эмас.

Эрон уруши фонида Яқин Шарқдаги манфаатлар манзараси – Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида.

— Нега Саудия Арабистони АҚШдан Ҳўрмуз блокадасини тўхтатишни сўраяпти?

Жаҳонгир Акрамов: Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларининг Эронга нисбатан муносабати жиддий бўлиб қолмоқда, улар Кўрфаз минтақасида Эронга рақиб сифатида қарайди. Бу қарама-қаршиликни фақат мазҳабий (шиа-сунний) доирада эмас, балки кенгроқ геосиёсий контекстда тушуниш керак.

Масалан, Ироқ ёки Сурияда шиаларнинг ҳокимият тепасига келиши Эрон таъсирининг кучайишига олиб келади деган хавотирлар мавжуд эди. Шу сабабли, этник жиҳатдан араб, аммо мазҳабан шиа бўлган ҳудудларда Эрон таъсирининг ортиб кетишига йўл қўймаслик учун маълум даражада мувофиқлаштирилган ҳаракатлар кузатилган.

Шуни унутмаслик керакки, Эроннинг ҳаддан ташқари кучайиши Саудия Арабистони манфаатларига зид.

Бироқ уруш бошланганидан бери Ар-Риёд масаланинг ҳарбий йўл билан эмас, балки бошқариладиган тарзда ҳал этилишини истайди. Доналд Трамп сиёсати эса улар кутгандек натижа бермаяпти. Аксинча, Вашингтоннинг ҳаракатлари минтақадаги вазиятни янада мураккаблаштириши мумкинлиги Саудия Арабистонида хавотир уйғотмоқда. Шу боис “аввал Ҳўрмуз бўғози муаммосини барқарорлаштирайлик, кейин Эрон билан воситачилар – Туркия, Покистон ёки Миср орқали келишувга эришамиз”, деган қарашлар кучаймоқда.

Саудия Арабистони раҳбарияти, хусусан, Муҳаммад бин Салмон атрофидаги таҳлилий институтлар эҳтимолий хавфларни пухта ҳисоблаб чиқишга ҳаракат қилади. Улар Эроннинг геосиёсий имкониятлари юқори эканини яхши билади. Бу имкониятлардан бири – Боб ал-Мандаб бўғози билан боғлиқ. Мазкур бўғоз Сувайш каналига кириш йўли бўлиб, Қизил денгизни Ҳинд океани билан боғлайди.

Агар бу йўлак ёпилса, нафақат Миср, балки Саудия Арабистони иқтисодий манфаатларига ҳам жиддий зарба етади. Саудия нефт экспортининг муҳим қисми Қизил денгиз портлари орқали, қуруқлик қувурлари ёрдамида амалга оширилишини ҳисобга олсак, бу хавф янада муҳимлашади. Агар Яман ҳусийлари урушга тўлиқ кирса ва бўғозни ёпишга ҳаракат қилса, Саудия Арабистонининг иқтисодий салоҳияти сезиларли даражада зарар кўриши мумкин.