Жаҳон | 08:04
1352
1 дақиқада ўқилади

Инфографика: дунёдаги айиқлар ўлчами таққосланди

Дунёда жами саккиз турдаги айиқ мавжуд. Янги инфографикада уларнинг тик турган ҳолатдаги ўлчамлари таққосланган.

Айиқлар — итсимонлар туркумига мансуб жониворлардир. Айиқсимонлар оиласи саккизта замонавий турни бирлаштиради. Улар Евросиё ва ҳар икки Америка қитъасида яшайди.

Оқ айиқ (қутб айиғи) ушбу оиланинг энг йирик вакили ҳисобланади. У орқа оёқларида тик турганида бўйи 2,8 метргача етади. Бу айиқнинг вазни 700 килограммгача бориши мумкин.

Қўнғир айиқ бўй жиҳатидан оқ айиқдан унчалик ортда қолмайди. Айрим индивидларнинг бўйи 2,5 метрга яқинлашади. Учинчи ўринда бўйи 2 метргача етадиган барибал (Америка қора айиғи) жойлашган.

Энг кичик тур — малай айиғидир. Унинг узунлиги 1,5 метрдан ошмайди, вазни эса аранг 65 килограммга етади. Малай айиғи айиқларнинг энг камёб турларидан бири ҳисобланади. У Халқаро Қизил китобга киритилган ва заиф тур сифатида баҳоланади.

Айтганча, кичик панда катта пандадан фарқли ўлароқ айиқ эмас. У пандасимонлар оиласига киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид