Россиянинг Украинага қарши уруши тобора учувчисиз тизимлар - дронлар ва ерусти роботларининг қарама-қаршилигига айланиб бормоқда, бу эса жанговар ҳаракатлар мантиқини ўзгартириб юбормоқда. Бу ҳақда The New York Times ёзди.

Таъкидланишича, урушдаги ҳар икки томон ҳам дронлардан фойдаланишни фаол равишда оширмоқда, бироқ Украина нисбатан арзон технологияларни оммавий қўллашга эътибор қаратиб, одамлар ва техника етишмовчилигини қопламоқда. Хусусан, дронлар аллақачон фронтда муҳим рол ўйнаяпти: Украина раҳбариятининг ҳисоб-китобларига кўра, улар фронтдаги зарбаларнинг 80-90 фоизини таъминлайди.

Шу билан бирга, янги йўналиш - ерусти роботлаштирилган тизимлари ҳам ривожланмоқда. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина ҳарбийлари аллақачон махсус операция ўтказган бўлиб, унда душман позицияси фақат дронлар ва роботлар ёрдамида - пиёдалар иштирокисиз ва йўқотишларсиз эгалланган. Бир неча ой ичида бундай тизимлар 22 мингдан ортиқ миссияни амалга оширди, бу эса ҳарбийлар учун хавфларни камайтиради, деб ёзди нашр.

NYT маълумотларига кўра, жанг майдонида янги тактика шаклланяпти: ҳаво дронлари разведка олиб боради ва зарба беради, ерусти роботлари ўқ-дориларни етказиб беради ва ҳужумларда иштирок этади, операторлар эса буларнинг барчасини масофадан туриб бошқаради. Бундай модел аста-секин анъанавий пиёдалар ҳужуми ўрнини эгаллаяпти.

Мақолада таъкидланишича, Украина камроқ ресурсларга эга бўлишига қарамай, технологияларни жорий этиш тезлиги ва уларнинг оммавийлигига таяниб, тезроқ мослаша олган. Россия ҳам дронлардан, жумладан, Эрон ишланмаларидан фаол фойдаланяпти ва уларнинг ишлаб чиқарилишини кўпайтиряпти. Натижада, уруш тобора технологик тус олмоқда: асосий ролни армиянинг сони эмас, балки технологияларга кириш, уларни янгилаш тезлиги ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш салоҳияти ўйнаяпти.