Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиев ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш бўйича айбланмоқда. Бу ҳақда унинг адвокати Икромиддин Айтқулов Kaktus.Media нашрига маълум қилди.

Қайд этилишича, сиёсатчигага нисбатан «ҳеч қаёққа кетмаслик тўғрисида тилхат» эҳтиёт чораси танланган. Ишни Қирғизистон ички ишлар вазирлиги тергов қилмоқда.

Қирғизистон ИИВ ҳозирча бу ҳақда расман хабар бермаган.

Адвокат ўз мижози қўйилган айбловни тан олмаганини маълум қилган.

29 апрел куни Ташиев вазирликнинг бош тергов бошқармасига икки марта сўроқ учун чақирилгани хабар қилинганди. Тундаги иккинчи сўроқдан кейин унга нисбатан айблов эълон қилингани ҳақидаги маълумот тасдиқланди.

Ташиевнинг ўзи эса айбсизлигини ва суд адолатли қарор қабул қилишига ишонишини айтмоқда. Сиёсатчи ўз тарафдорларини қонун доирасида ҳаракат қилишга ва намойишлар уюштирмасликка чақирган.

«Мен ўзимга нисбатан қўзғатилган жиноий иш юзасидан сизларга мурожаат қилишим керак деб ҳисобладим. Ушбу жиноий ишда ўзимни тўлақонли ҳимоя қилиш имкониятига эгаман. Мен айбдор эмасман ва, Худо хоҳласа, оқланаман. Айбдорлар жазоланади, айбсизлар оқланади, чунки давлатимиз раҳбари мамлакатимизда адолатли суд тизимини яратиш учун ҳаракат қилмоқда», – дея ёзган сиёсатчи Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Жапаров ва Ташиев тандеми

Ҳозирда 57 ёшда бўлган Қамчибек Ташиев ўн йилдан ортиқ вақтдан буён Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг яқин сафдошларидан бўлиб келган. Жапаров 2020 йил октябрида ҳокимиятга келганида Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари ва бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаган.

Олдинги президентлар даврида Ташиев ҳам Жапаров каби мухолифатда эди. 2010-йилларда уларнинг иккиси ҳам ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш бўйича ишда фигурантга айланишган ва суд жараёнлари чоғида ҳибсда бўлишган.

Ташиев сўроққа чақирилиши ва унга нисбатан айблов эълон қилинишидан бир неча кун олдин, 25 апрел куни парламент депутати Элвира Сурабалдиеванинг у ҳақдаги интервюси чиққанди. Депутат журналистларга Ташиевнинг феврал ойида лавозимдан олиниши унинг давлат тўнтаришига уринишни уюштиришга алоқадорлиги билан боғлиқ эканини айтган.