Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури халқаро муносабатлар йўналишида таҳсил олаётган талабаларга юзланди: жаҳон сиёсий саҳнасида рўй бераётган жараёнларга улар қандай баҳо беради?
Бўлажак дипломатлар даврасида учта мавзу: Россия–Украина уруши, АҚШ–Эрон зиддияти ва Тайван можароси турлича ракурслардан кўриб чиқилди.
Суҳбатда Ижтимоий ва сиёсий фанлар институти талабалари Лутфуллохон Ҳайдаров, Зуҳриддин Пўлатов, Муҳаммадсодиқ Муҳаммадсиддиқов, Сарварбек Исмоилов ва Халқаро исломшунослик академияси талабалари Фарангиз Қорақулова, Азамат Раҳимов, Азизбек Расулов, Оғабек Раббимов иштирок этди.
Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Қуйида суҳбатнинг кириш қисмидан кичик парча келтириб ўтилади.
— Украина уруши НАТО кенгайишининг оқибатими ёки Россия сиёсатининг натижаси?
Лутфуллохон Ҳайдаров: Владимир Путин Совет Иттифоқининг парчаланишини XX асрнинг энг катта фожиаси деб атаган. Бу фикр шуни англатадики, совет давлати қулаганидан сўнг Путин ва умуман Россия сиёсий элитаси онгида империявий тафаккур сақланиб қолган. Тарихий нуқтайи назардан қараганда, Россиянинг сўнгги қарийб 500 йиллик ташқи сиёсати деярли ўзгармаган: қўшни ҳудудларга ҳарбий босим ўтказиш, уларни назорат остига олиш, буфер зоналар яратиш ва шу орқали ўз хавфсизлигини таъминлаш.
Бу ёндашувни бугунги кунда ҳам кузатиш мумкин: Россия–Грузия уруши, Қрим аннексияси ва Чеченистондаги ҳарбий ҳаракатлар бунга мисол бўла олади. Россия Украинага бостириб кираркан, дастлаб Украинадаги рус аҳолиси ҳимояси важини илгари сурди. Бироқ агар бундай муаммо реал ва тизимли бўлганида, халқаро ҳуқуқ механизмлари – масалан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёки халқаро судлар орқали ҳал этилиши мумкин эди. Амалда эса Россия дипломатик йўлни танламади ва ҳарбий босқинчиликни бошлади.
Уруш кутилган натижани бермагач, расмий позициялар тез-тез ўзгара бошлади. Орада “Ғарбга қарши кураш” нарративи ҳам илгари сурилди. Бу ўзгарувчан изоҳлар аниқ стратегик асосдан кўра, вазиятга мослаштирилган баҳоналарни эслатади.
1997 йилда Россия сиёсий доираларига яқин шахс – Константин Затулин томонидан чоп этилган мақолада Россиянинг қўшни давлатларга нисбатан сиёсати ҳақида муҳим тезислар илгари сурилган эди. Унда Украинага алоҳида урғу берилиб, унинг заифлашуви Россия манфаатларига хизмат қилиши мумкинлиги, шунингдек, рус аҳолиси масаласидан сиёсий восита сифатида фойдаланиш мумкинлиги қайд этилган. Ҳозирги воқеалар ушбу ёндашувларнинг амалий сиёсатда акс этаётганини кўрсатади.






