Бугун қурилиш бозорлари ва савдо марказларида ёритиш маҳсулотлари танлови кенг: чироқ, розетка, кабель ва бошқа электр жиҳозлари турли нарх ҳамда сифат сегментида сотилмоқда. Бироқ арзон маҳсулотлар фонида барқарорлик, хавфсизлик масаласи кўпинча иккинчи планда қолмоқда. Айрим ҳолларда эса сифатсиз электротехника жиҳозлари электр тармоқларида носозликлар, ҳатто ёнғинларга ҳам сабаб бўлаётгани кузатилади. Хўш, аслида ёритиш маҳсулотларини тўғри танлашда қайси жиҳат кўпроқ муҳим? Kun.uz мухбири айни шу мавзуда Tekled компанияси директори Муротжон Жўраев билан суҳбатлашди.

Tekled компанияси бугун Ўзбекистонда ёритиш ва электротехника маҳсулотларининг кенг ассортиментларини таклиф қилувчи брендлардан бири сифатида тилга олинади. Компания вакилларига кўра, ташкилотнинг асосий устунлиги фақат маҳсулот эмас, 25 йиллик тажриба ва глобал ҳамкорлик занжиридир.

Маълум қилинишича, компания илгари Osram, Philips, General Electric каби йирик брендлар билан ишлаган, шунингдек, Viko by Panasonic’нинг Ўзбекистондаги расмий дистрибютори бўлган. Бугунги кунда эса барча йўналишлар Tekled ва Tekled Electric брендлари остида бирлаштирилган.

“Асосий тамойилимиз ўзгармаган: сифат, катта ҳажмда мавжуд маҳсулот ва нархлардаги мувозанат. Кенг ассортимент деганда мижоз битта жойга кириб, оддий лампочкадан тортиб мураккаб саноат ёритгичлари, декоратив люстралардан ташқи фасад ёритиш тизимларигача бўлган барча керакли маҳсулотларни топа олишини назарда тутамиз. Одам турли бозорларни айланиб вақт йўқотмаслиги, битта жойнинг ўзида ечимга эга бўлиши биз учун жуда муҳим.

Катта ҳажмда маҳсулот мавжудлиги ҳам шунчаки рақам эмас. Бу реал эҳтиёж. Бизда кўп товарлар омборда тайёр туради. Ушбу имконият мижозга кутишсиз, тез ва аниқ ечим беради. Айниқса, қурилишдаги йирик лойиҳаларда мазкур жиҳат катта аҳамиятга эга, негаки вақт йўқотиш пул йўқотиш билан тенгдир”, – дейди бренд асосчиси Муроджон Жўраев.

Унинг сўзларига кўра, ёритиш маҳсулотларини танлашда истеъмолчи биринчи навбатда нархга эмас, қуйидаги тўртта омилга эътибор бериши керак: энергия тежамкорлиги, сифат, дизайн ва ҳамёнбоплик.

“Энг муҳим нарса – тежамкорлик. Чунки бу электр харажатига бевосита таъсир қилади. Кейин сифат туради. Дизайн ва нарх эса охирги омиллардир”, – дейди у.