Совет даврида қурилган кўп қаватли уйларга эътибор берсангиз, ғалати бир қонуниятни кўрасиз: аксарият бинолар ё 4-5 қаватли, ёки 9 қаватли қилиб қурилган. Шаҳарларда 6 ёки 8 қаватли уйларни учратиш деярли имконсиз. Бу фақат Ўзбекистонда эмас, балки постсовет мамлакатларининг аксариятида кенг тарқалган ҳолат. Нега совет меъморлари шу рақамларга ёпишиб олган? Бу тасодифми ёки қатъий иқтисодий ҳисоб-китоблар билан боғлиқми?
Ҳашаматдан оддийликка ўтиш
5 ва 9 қаватли уйлар қурилишининг оммавийлашиши ўтган асрнинг 50 йилларига бориб тақалади. Бу даврга келиб мамлакатда мисли кўрилмаган уй-жой танқислиги юз беради. Саноатлашув фонида шаҳарларга аҳолининг ёпирилиб келиши натижасида миллионлаб одамлар ертўлалар ва зич коммунал квартираларда яшашга мажбур бўла бошлайди. Бунга қадар меъморчиликда асосан «Сталин ампири» деб номланган услуб ҳукмрон эди. «Сталинка»лар ғиштдан қурилар, шифтлари баланд ва хоналари кенг бўлиб, бундай уйларни қуриш жуда секин ва ўта қиммат бўлган. Никита Хрушчёв ҳокимиятга келгач, у қимматбаҳо ва ҳашаматли архитектурадан воз кечиб, максимал даражада арзонлаштирилган, тез битадиган панел уйлар қурилишини бошлаб беради.
Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, капиталистик давлатлардан фарқли ўлароқ, СССРда ернинг бозор нархи йўқ эди. Шу сабабли қурувчиларда қимматбаҳо жойдан олинган ерни оқлаш учун осмонўпар бинолар қуришга иқтисодий рағбат ҳам бўлмаган. Натижада шаҳарлар тепага эмас, балки энига — 4 ва 5 қаватли массивлар шаклида кенгая бошлайди.
Нега айнан беш қават?
Совет давлатида амал қилган қурилиш меъёрларига кўра, бино баландлиги маълум бир нуқтадан ошса, унда мажбурий равишда лифт ўрнатилиши керак эди. Шифокорлар хулосасига кўра, соғлом инсон учун ҳар куни бир неча бор бешинчи қаватга кўтарилиш оғирлик қилмайди, аммо олтинчи қаватга тушиб-чиқиш жисмоний зўриқишга олиб келади. Шу сабабли лифт ўрнатиш шарт бўлмаган максимал баландлик — 5 қават этиб белгиланди. Агар бино 6 қаватли қилиб қурилса, унга қимматбаҳо лифт ускунаси ўрнатиш, лифт шахтаси учун жой ажратиш ва уни техник назорат қилишга қўшимча харажат талаб этиларди. Бутун Иттифоқ бўйлаб ўн минглаб уйларни лифтлар билан таъминлаш имконсиз бўлган. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, 6 қаватли уйнинг квадрат метр нархи 5 қаватли уйга қараганда анча қимматга туша бошлайди. Шу сабабли СССР шаҳарларида 4 ёки 5 қаватли уйлар оммавий равишда қурилади.
Нима учун 9 қават?
1970 йилларга келиб, шаҳарлар кенгая бошлайди ва энди ер танқислиги муаммоси ҳам пайдо бўлади. Натижада уйларни 5 қават қилиб қуриш етарли бўлмай қолди. Агар лифт ўрнатиш учун катта харажат талаб қилинаётган бўлса, бу харажатни иложи борича кўпроқ хонадонларга «бўлиб юбориш» билан ҳал қилиш мумкин-ку, тўғрими? Шу жиҳатдан бино баландлигини то бошқа бир хавфсизлик чегарасига қадар ошириш бошланади. Шаҳар аҳолисининг зичлиги ортиши фонида «брежневка» деб номланган янги 9 қаватли турар жойлар қурилиши бошланади.






