Конго Демократик Республикасида Эбола безгагидан вафот этганлар сони камида 131 кишини ташкил этмоқда. Маҳаллий расмийларга кўра, яна 513 киши вирусга чалингани гумонланмоқда. Бир кун олдин ҳам қурбонлар сони 80 нафар, касалланганлар сони 300 нафар атрофида баҳоланаётганди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили касаллик дастлаб тахмин қилинганидан тезроқ тарқалиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

ЖССТ вакили бўлган доктор Анна Ансия BBC билан суҳбатда ўрганиш ишлари давомида касаллик тарқалган янгидан янги ҳудудлар маълум бўлаётганини айтган.

Лондондаги MRC Глобал юқумли касалликлар таҳлил маркази томонидан ўтказилган ва душанба куни эълон қилинган моделлаштириш шуни кўрсатдики, рўйхатга олинган ҳолатлар сони асл вазиятни акс эттирмайди ва касалланиш ҳолатлари сони аллақачон 1000 дан ошганини истисно қилиб бўлмайди.

Тадқиқот шуни кўрсатадики, ҳозирги эпидемия «ҳозиргача аниқланганидан каттароқ» ва унинг «ҳақиқий кўлами ноаниқлигича қолмоқда».

Лаборатория томонидан тасдиқланган илк касалланиш ҳолати 24 апрел куни Конго ДР пойтахти Киншаса шаҳрида аниқланганди, ушбу шаҳар эпидемия ўчоғи бўлган шарқий Итури провинциясидан тахминан 1000 километр узоқликда жойлашган. 

Шунга кўра, касаллик илк бемор аниқлангунича бир неча ҳафта давомида тарқалган бўлиши мумкин.

Ҳозирги эпидемияни келтириб чиқарган штаммга қарши вакцина мавжуд эмас, аммо ЖССТ ҳимояланиш учун бошқа дорилардан фойдаланиш имкониятини ўрганмоқда.

2026 йил 17 май, Конго Демократик Республикаси. Мототакси ҳайдовчиси Гома шаҳридаги шифохона олдида кутмоқда. Ичкарида инфекцияга чалинганлар бор
Jospin Mwisha / AFP / Scanpix / LETA

Касалланганлар орасида — америкалик шифокор ҳам бор

Касалланганлардан бири – Конгода ишловчи америкалик шифокор. Бу ҳақда АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) хабар берди, ташкилот билан ҳамкорлик қиладиган Serge христиан миссионерлик гуруҳи эса унинг исмини Питер Стаффордлигини маълум қилди. CBS News телеканали маълумотига кўра, шифокор даволаниш учун Германияга юборилади.

Эболага чалинганларни даволаш билан шуғулланган гуруҳдаги яна икки шифокор, жумладан Питер Стаффорднинг рафиқаси бўлган доктор Ребекка Стаффордда касаллик аломатлари аниқланмаган, аммо улар карантинга олинган.